Logo

Трампнинг Эронга муносабати нефт бозоридаги нархларга қандай таъсир қилди?

Kecha 15:452 daqiqa

«JPMorgan» банки ҳисоб-китобларига кўра, сентябр ойида жаҳон бозорида нефт таклифи талабдан кунига 1,1 млн баррелга ошган. Октябр ойида эса бу кўрсаткич кунига 1,4 млн баррелга ошди.

Трампнинг Эронга муносабати нефт бозоридаги нархларга қандай таъсир қилди? © AP

АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга қарши янги зарбалар берилиши эҳтимолини паст баҳолаганидан сўнг, 9-ноябр куни нефт нархлари барқарор бўлди. Бироқ Ҳўрмуз бўғози яқинида кемаларга қилинган ҳужумлар таъминот билан боғлиқ хавотирларни сақлаб қолмоқда.

«Brent» маркали нефт нархи бир баррел учун 3 центга ошиб, 98,35 долларни ташкил этди. АҚШнинг «West Texas Intermediate» (WTI) маркали нефти эса 0,5 фоизга қимматлаб, 91,30 долларга етди.

Ўтган ҳафтада «Brent» нефтининг нархи 16 фоизга пасайди. Бу COVID-19 пандемияси бошланганидан буён кузатилган энг кескин ҳафталик пасайиш бўлди.

«Дипломатик келишувга эришиш эҳтимоли атрофидаги сўнгги оптимистик кайфиятга қарамай, геосиёсий хавфлар юқорилигича қолмоқда ва ҳарбий кескинликнинг яна кучайиши эҳтимолини истисно қилиб бўлмайди», — деди Ню-Деҳлида жойлашган «SS WealthStreet» тадқиқот компанияси асосчиси Сугандха Сачдева.

Унинг сўзларига кўра, Вашингтон ва Теҳрон ўртасида кенг қамровли келишув ҳали амалга ошмаган бўлса-да, бозор вазиятнинг кескинлашуви пасайиши бўйича нисбатан оптимистик сценарийни ҳисобга олмоқда.

Трамп 8-ноябр куни можаро якунига етиши бўйича музокаралар давом этаётган тақдирда Эронга қарши янги ҳужумлар уюштириш эҳтимоли жуда паст эканини айтди. Шу билан бирга, ҳар икки давлат Ҳўрмуз бўғозида ёки унинг яқинида кемаларга ҳужум қилинганини маълум қилди.

Трамп АҚШ оралиқ сайловларидан кейин Эронга қарши ҳужумларни қайта бошлаш эҳтимолига ишора қилган эди. Бироқ ҳозирча АҚШ томонидан кенг кўламли ҳарбий операция бошланиши кузатилмади. Эрон эса бунга жавобан АҚШ ва Исроил нишонларига зарба беришини билдирган.

«KCM Trade» компаниясининг бош таҳлилчиси Тим Уотер Трампнинг баёнотларини бирмунча вазмин деб баҳолади. Бироқ унинг таъкидлашича, бозор ҳали ҳам оралиқ сайловлар Трампнинг можарога муносабатида узоқ муддатли ўзгариш ясаганми ёки бу шунчаки вақтинчалик позиция ўзгаришими, деган саволга жавоб кутмоқда.

«JPMorgan» 6-ноябр куни эълон қилган ҳисоботида нефт бозорида яна ортиқча таклиф юзага келиши мумкинлигини билдирди. Бунга Яқин Шарқдан нефт етказиб бериш ҳажмининг тикланиши, бошқа мамлакатларда ишлаб чиқаришнинг ошиши ва талабнинг сустлиги сабаб бўлмоқда.

Банк ҳисоб-китобларига кўра, сентябр ойида жаҳон бозорида нефт таклифи талабдан кунига 1,1 миллион баррелга ошган. Октябр ойида эса бу кўрсаткич кунига 1,4 миллион баррелга ошди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистони пойтахтига уюштирилган ракета ҳужумидан сўнг мамлакатнинг энг йирик нефт компанияси — «Saudi Aramco» биносига зарар етганди.

Фарангиз Бобожонова

Teglar

Mavzuga oid