Шавкат Мирзиёев Жанни Инфантинони қабул қилди
Улар 2027 йил Ўзбекистон ва Озарбойжонда ўтказиладиган U-20 Жаҳон чемпионатига тайёргарлик масалаларини муҳокама қилди.

Бугун, 30 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (FIFA) раҳбари Жанни Инфантинони қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, суҳбат аввалида FIFA Президенти Ўзбекистоннинг футболдаги ютуқлари ҳамда мамлакатда спортни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган самарали ислоҳотлар натижаларини эътироф этган.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбойжонда йирик нуфузли спорт тадбири – 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш учрашувнинг асосий мавзуси бўлган.
FIFA билан футболни оммалаштириш, айниқса, ёшлар орасида ушбу спорт турига қизиқишни янада кучайтиришга қаратилган қўшма дастурларни илгари суриш борасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани катта мамнуният билан қайд этилган.
Шерикликни, аввало, футболни ташкил этиш ва бошқариш тизимини трансформация қилиш, ёш истеъдодларни кашф этиш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ҳамда мураббийлар, ҳакамлар, менежерлар, спорт шифокорлари ва техник мутахассисларни халқаро савияда тайёрлаш йўналишларида янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда FIFA’нинг йирик турнирлари ва тадбирларини ташкил этиш ҳамда Тошкент шаҳрида федерациянинг минтақавий ваколатхонасини очиш жараёнини жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.





