Logo

Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея билан «Янги Ипак йўли»ни барпо этишни таклиф қилди

Мирзиёев Кореянинг илғор технологиялари, капитали ва саноат салоҳиятини Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиёнинг ресурслари ва географик имкониятлари билан уйғунлаштиришни таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея билан «Янги Ипак йўли»ни барпо этишни таклиф қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон ва Корея Республикаси: ўзгаришлар даврида келажак сари интилаётган ҳамкорлик» номли мақоласи Корея Республикасининг «Thе Chosun Daily» нашрида эълон қилинди.

Мақолада икки мамлакат ўртасидаги тарихий алоқалар, бугунги алоҳида стратегик шериклик, савдо-инвестиция муносабатлари ва ҳамкорликни янги технологик босқичга олиб чиқиш истиқболлари ёритилган.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги икки томонлама савдо ҳажми 5 баробарга ошган. Кореянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари эса 8 миллиард доллардан ошган. Айни пайтда мамлакатда Корея капитали иштирокида 700 дан зиёд қўшма корхона ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Мирзиёев икки мамлакат иқтисодиётининг ўзаро тўлдирувчанлиги катта имконият эканини таъкидлади.

«Корея Республикасининг илғор саноат салоҳиятини Ўзбекистоннинг бой табиий ресурслари ва улкан ўсиш имкониятлари билан уйғунлаштирган ҳолда, сунъий интеллект, яримўтказгичлар, электромобиллар, биофармацевтика ва «ақлли» қишлоқ хўжалиги каби келажак тармоқларида янги тараққиёт омилларини биргаликда яратишимиз мумкин», — деди Президент.

Мирзиёевга кўра, Ўзбекистон глобал қиймат занжирларига чуқурроқ интеграциялашишга, Корея эса таъминот занжирларини диверсификация қилишга интилмоқда. Бу икки мамлакат эҳтиёжларини бир-бирига мослаштирмоқда.

Янги Ипак йўли

Давлат раҳбари бугунги ҳамкорликни қадимги Ипак йўлининг замонавий талқини билан қиёслади. Унинг фикрича, қадимда Ипак йўли товарлар, ғоялар, билим ва технологиялар алмашинувига хизмат қилган бўлса, XXI асрда уни илғор ишлаб чиқариш тармоқлари, рақамли инфратузилма, транспорт ва энергетика коридорлари орқали қайта шакллантириш мумкин.

«Ипак йўли»нинг янги модели Ўзбекистон ва Корея муносабатларини икки томонлама савдо доирасидан чиқариб, Марказий Осиёни қамраб олувчи ишлаб чиқариш ва логистика занжирларига айлантириш имконини беради.

16-сентябрда Сеулда ўтадиган биринчи «Марказий Осиё — Корея Республикаси» саммити ҳам шу нуқтаи назардан муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон ушбу майдонда сиёсий мулоқот, инфратузилма, инновация ва маданий алмашинувни кенгайтиришга қаратилган ташаббусларни илгари суришни режалаштирмоқда.

Teglar

Mavzuga oid