Шавкат Мирзиёев муфтий Нуриддин Холиқназар билан телефонда гаплашди

Президент Маккадаги ўзбекистонлик ҳожиларни Қурбон ҳайити билан табриклади ва уларнинг дуоларини сўради.

Шавкат Мирзиёев муфтий Нуриддин Холиқназар билан телефонда гаплашди © Prezident matbuot xizmati

Президент Шавкат Мирзиёев 21 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат муборак Қурбон ҳайити арафасида, ўзбекистонлик зиёратчилар Ҳаж амалларини адо этаётган кунларда бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида давлатимиз раҳбари муфтий ҳазратлари орқали Макка шаҳрида бўлиб турган барча ўзбекистонлик зиёратчиларни Қурбон ҳайити билан табриклаб, уларнинг элу юрт тинчлиги ва ёшлар бахти йўлидаги дуолари қабул бўлишини тилади.

Суҳбатда кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда ҳар йили 15 минг нафардан зиёд ватандошимиз Ҳаж сафарига бораётгани, бу йил эса илк бор меҳнат фахрийлари, маҳалла фаоллари ва кам таъминланган оилалар вакилларидан иборат 100 нафар юртдошимиз давлат ҳисобидан Ҳажга юборилгани алоҳида қайд этилди.

Муфтий шайх Нуриддин Холиқназар Макка ва Мадина шаҳарларида ўзбекистонлик зиёратчилар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилганини таъкидлади.

Шунингдек, суҳбатдошлар диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, жумладан, Имом Бухорий мажмуаси, Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Бурҳониддин Марғиноний мажмуаси улуғ аждодлар меросини тарғиб этишга хизмат қилаётганини эътироф этдилар.

Бундан ташқари, куни кеча қабул қилинган Президент қарорига мувофиқ, Қурбон ҳайити муносабати билан хайру саховат тадбирлари амалга оширилиши билдирилди.

Жумладан, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш, 10 мингдан ортиқ болаларга мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш ва 2 мингга яқин оғир касалликка чалинган беморларни даволаш учун қўшимча маблағлар, шунингдек, масжид ва қабристонларни обод қилишга алоҳида ресурслар йўналтирилиши кўзда тутилган.

Суҳбат якунида Президентимиз барча ҳожиларимизга салом йўллаб, уларнинг савобли амаллари қабул бўлишини, юртга соғ-омон қайтишларини тилади.

Teglar

Mavzuga oid