add

Шавкат Мирзиёев Покистоннинг олий давлат ордени билан тақдирланди

Давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон раҳбарига Покистоннинг олий давлат мукофоти – «Нишони Покистон» ордени топширилди.

Шавкат Мирзиёев Покистоннинг олий давлат ордени билан тақдирланди © Фото: president.uz

Исломобод шаҳридаги «Айвони Садр» қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Покистон Ислом Республикасининг олий давлат мукофоти – «Нишони Покистон» орденини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Мукофотни Покистон Президенти Асиф Али Зардорий тантанали равишда тақдим этди. Ушбу юксак эътироф икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантиришга қаратилган қўшма саъй-ҳаракатларнинг натижаси сифатида баҳоланди.

Тақдимот чоғида орден Ўзбекистон халқига бўлган дўстона муносабат, ўзаро ҳурмат ва ишонч рамзи экани таъкидланди. Томонлар Ўзбекистон – Покистон муносабатлари мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётганини қайд этиб, сиёсий мулоқот ва амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканини билдирдилар.

«Нишони Покистон» ордени билан тақдирланган сиёсатчилар

Маълумки, «Нишони Покистон» ордени турли йилларда жаҳон сиёсатининг нуфузли арбобларига берилган. Улар орасида Буюк Британия Қироличаси Елизавета II, АҚШ Президенти Ричард Никсон, Жанубий Африка Республикаси Президенти Нелсон Мандела, Хитой Раиси Ху Жинтао, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ва Саудия Арабистони Валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон каби шахслар бор.

Мазкур маросим Ўзбекистон Республикаси Президентининг Покистонга давлат ташрифи доирасида ўтказилган муҳим тадбирлардан бири бўлди. Икки кунлик ташриф давомида Исломободда олий даражадаги музокаралар ўтказилиб, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт, логистика ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ташриф якунида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. Шунингдек, Ўзбекистон – Покистон бизнес форуми ўтказилиб, ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кучайтиришга келишиб олинди. Давлат ташрифи якунлангач, Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга жўнаб кетди. «Нурхон» аэропортида олий мартабали меҳмонни Покистон Бош вазирининг махсус маслаҳатчиси – саноат ва ишлаб чиқариш вазири Ҳорун Ахтар ва бошқа расмийлар кузатиб қўйди.

Teglar

Mavzuga oid