Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга амалий ташрифи якунланди

20.02.2026 | 09:022 daqiqa

Вашингтон аэропортида давлат раҳбари ва рафиқасини АҚШ–Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лемм ҳамда бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди.

Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга амалий ташрифи якунланди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига амалий ташрифи якунланди. Давлат раҳбари Вашингтон шаҳрида ўтган Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этиб, Ғазо секторини ижтимоий-иқтисодий қайта тиклаш ва минтақада барқарор тинчликни таъминлаш бўйича таклифларини илгари сурди.

Ташриф доирасидаги учрашувлар

Ташриф доирасида Президент АҚШ маъмуриятининг қатор юқори мартабали вакиллари билан музокаралар ўтказди. Жумладан, АҚШ савдо вазири Ховард Латник, АҚШ савдо вакили Жеймисон Грир, Эксимбанк президенти ва раиси Жон Йованович ҳамда Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси бош ижрочи директори Бен Блек билан учрашувлар бўлиб ўтди. 

Суҳбатларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, инвестицияларни жалб этиш ва қўшма лойиҳаларни молиялаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Ишбилармонлик дастури доирасида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими ва қўшма инвестиция лойиҳалари тақдимоти ташкил этилди. Тадбирда АҚШ ҳукумати, етакчи компаниялар ва молия институтлари раҳбарлари иштирок этди. Видеоалоқа орқали Ўзбекистон ҳудудлари раҳбарлари ҳам қатнашиб, ҳудудий лойиҳалар бўйича таклифлар тақдим этилди.

Музокаралар чоғида саноат кооперацияси, инфратузилма, энергетика ва молия соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

«Тинчлик кенгаши»нинг саммити

19 феврал куни Вашингтонда ўтказилган «Тинчлик кенгаши»нинг инаугурация саммитида президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Президент нутқида Ўзбекистон Ғазода уй-жойлар, болалар боғчалари, мактаблар ва шифохоналар қуришга муносиб ҳисса қўшишга тайёрлигини маълум қилди.

Доналд Трамп саммитда Шавкат Мирзиёевни «дўстим» деб атади. Шунингдек, у Ғазога ёрдам пакети учун жами 7 млрд доллар ажратган давлатлар орасида Ўзбекистон ҳам борлигини айтди.

Ташриф тадбирлари якунлангач, Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга жўнаб кетди. Вашингтон аэропортида давлат раҳбари ва рафиқасини АҚШ–Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лемм ҳамда бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди.

SEO title:

Meta description:

Teglar

Mavzuga oid