Солиқ қарздорлиги юқори бўлган ишлаб чиқариш корхоналари маълум қилинди
2026 йил 1 февраль ҳолатига кўра, солиқ қарзи 100 миллион сўмдан юқори бўлган 925 та ишлаб чиқариш корхонасининг жами қарздорлиги 1 триллион 474,8 миллиард сўмни ташкил этган.

Давлат солиқ қўмитаси солиқ қарздорлиги юқори бўлган ишлаб чиқариш корхоналари ҳақида ахборот берди.
Маълумотларга кўра, солиқ қарзи 100 миллион сўмдан юқори бўлган 925 та ишлаб чиқариш корхонасининг жами қарздорлиги 1 триллион 474,8 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Ушбу сумманинг 506,2 миллиард сўми ёки 34,3 фоизи солиқ қарзи энг юқори бўлган 10 та корхона ҳисобига тўғри келади.

Энг катта қарздорлик «Navoiyazot» АЖ ҳиссасига тўғри келиб, корхонанинг солиқ қарзи 107 млрд сўмдан ошган. Кейинги ўринларда «Granula Plast Sifat» МЧЖ — 89,8 млрд сўм ва «Silikon Color» МЧЖ — 73,6 миллиард сўм қарздорлик билан қайд этилган. Рўйхатдан, шунингдек, «Farg'ona negtni qayta ishlash zavodi», «Afsona-Sharob», «Metal Rolling Products», «Maximum Bussines Trade Export», «Atlas-Invest», «Innovatsiya texnologiyalari markazi» ҳамда «So'nmas-Plast» каби корхоналар ўрин олган.
Ҳудудлар кесимида энг юқори солиқ қарздорлиги Тошкент вилоятига тўғри келади — 335,7 млрд сўм Иккинчи ўринда Фарғона вилояти 194,5 млрд сўм билан қайд этилган бўлса, учинчи ўринни Андижон вилояти 176,3 млрд сўм билан эгаллаган.
Шунингдек, Тошкент шаҳридаги ишлаб чиқариш корхоналарининг солиқ қарзи 102,1 млрд сўмни, Қорақалпоғистонда 95,1 млрд сўмни ташкил этган. Бухоро, Наманган ва Сирдарё вилоятларида ҳам қарздорлик ҳажми 50 млрд сўмдан юқори экани қайд этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ солиқ қарздорлиги энг кўп қурилиш компаниялари ҳақида хабар берган эдик.





