add

«Совуқ об-ҳаво сабаб электр ва газ таъминотида чекловлар бўлиши мумкин» — Энергетика вазирлиги

Kecha 21:582 daqiqa

Ўзбекистонда ҳаво кескин совиши сабаб айрим ҳудудларда қисқа муддатли техник чекловлар бўлиши мумкин. Вазирлик аҳолини тежамкорликка чақирди.

«Совуқ об-ҳаво сабаб электр ва газ таъминотида чекловлар бўлиши мумкин» — Энергетика вазирлиги

Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши туфайли энергетика тизими кучайтирилган иш режимига ўтказилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Хабарда қайд этилишича, ёқилғи-энергетика тизими совуқ об-ҳаво шароитида барқарор ишлаши бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.  Электр, иссиқлик ва газ тармоқларида қўшимча техник кўриклар ўтказилиб, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш қувватлари мавжуд шароитга мослаштирилган.

«Совуқ кунларда энергияга бўлган талаб ортади. Айрим ҳудудларда вақтинчалик техник чекловлар бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда аҳоли ва ижтимоий объектларни барқарор таъминлаш устувор вазифамиз бўлади», — дейилади хабарда.

Энергетика вазирлиги фуқароларни электр энергияси ва табиий газдан оқилона фойдаланишга ҳамда иситиш мосламаларини қатъий равишда одатий режимда ишлатишга чақирди.

«Уй-жойларда иссиқликни сақлаш орқали ҳам энергия тежалади, ҳам хона илиқ бўлади», — дейилган вазирлик хабарида.

Шунингдек, аҳолидан қуйидагилар сўралди:

  • иситиш мосламаларини қаровсиз қолдирмаслик;

  • хонанинг мунтазам шамоллатилишини таъминлаш;

  • дудбурон ва шамоллатиш тизимларининг ҳолатини текшириш.

«Ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида ёпиқ хоналарда очиқ олов ёки носоз иситиш қурилмаларидан фойдаланмаслик, имкон қадар ис гази аниқлагич ускуналардан фойдаланиш тавсия этилади», — дея таъкидланган хабарда.

Электр энергияси ва газ таъминоти билан боғлиқ саволлар бўйича фуқаролар 24/7 режимда қўнғироқ қилиши мумкин бўлган рақамлар ҳам келтирилган:

1154 (электр таъминоти), 1104, 104 (газ таъминоти).

Teglar

Mavzuga oid