Logo

ССВ 440 млн сўмлик ортиқча тўловлар бўйича изоҳ берди

Bugun 22:002 daqiqa

Сирдарё ва Жиззахдаги айрим тиббиёт муассасаларида пулли хизматлар нархлари нотўғри ҳисоблангани оқибатида фуқаролардан 440 миллион сўм ортиқча маблағ ундирилган.

ССВ 440 млн сўмлик ортиқча тўловлар бўйича изоҳ берди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудий бошқармалари текширувлари натижаларига оид хабарлар юзасидан расмий изоҳ берди.

Маълум қилинишича, текширувлар давомида 2023–2025 йилларда айрим тиббиёт муассасаларида пулли тиббий хизматлар нархларини шакллантириш жараёнида хатоликларга йўл қўйилгани аниқланган.

Натижада фуқаролардан жами 440 миллион сўм миқдорида ортиқча маблағ ундирилган.

Муаммо нимадан келиб чиққан?

Вазирликнинг таъкидлашича, мазкур даврда пулли тиббий хизматлар нархлари 2017 йилда тасдиқланган низом асосида ҳисобланган.

Ҳужжатда хизмат таннархига киритиладиган харажатлар белгиланган бўлса-да, уларнинг айримларини бевосита ёки билвосита харажатлар таркибига киритиш бўйича аниқ меъёрлар етарли даражада белгиланмаган.

Шу сабабли тиббий хизматлар таннархини ҳисоблашда турлича ёндашувлар қўлланилган. Бу эса айрим хизматлар нархига ортиқча харажатлар киритилишига олиб келган.

Янги тартиб жорий этилган

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, бугунги кунда аниқланган хато ва камчиликлар тўлиқ бартараф этилган. Пулли тиббий хизматлар тарифлари Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 ноябрда қабул қилинган 718-сонли қарори талабларига мувофиқ қайта кўриб чиқилган.

«Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббиёт муассасаларида пулли хизматлар кўрсатиш, тарифларни шакллантириш, ҳисоб-китоб жараёнларини рақамлаштириш ҳамда назоратни кучайтириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда», — дейилади хабарда.

Teglar

Mavzuga oid