Суғурта компанияларига истеъмолчилар учун 2,8 млрд сўм тўлаттирилди
Суғурта хизматлари йўналишида Рақобат қўмитасига келиб тушган 1 000 га яқин мурожаатлар кўриб чиқилиб, истеъмолчилар фойдасига 2,8 млрд сўм маблағ тўлаб берилиши таъминланган.

Рақобат қўмитаси томонидан ўтган даврда суғурта масалалари бўйича 1 000 га яқин мурожаатлар келиб тушган. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар берди.
Таҳлилларга кўра, 50 фоиздан ортиқ мурожаатларда автотранспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси билан боғлиқ муаммолар билдирилган. Жумладан, жабрланувчининг мол-мулкига етказилган зарар суғурта компаниялари томонидан турли сабаблар билан рад этилган, қоплаб берилмаган ёки кечиктирилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 23 июлда қабул қилинган 458-сонли қарори билан транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш муносабатларига оид қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиб, 2026 йил 1 январдан эътиборан кучга кирган эди. Бугунги кунда суғурта ташкилотлари мазкур ўзгаришлар асосида янги шартномаларда иш олиб бормоқдалар.
Қўмита томонидан ўтказилган таҳлиллар ва суғурта ташкилотлари тақдим этаётган электрон суғурта хизматларига доир маълумотлар ўрганилганда, шартномаларда бир қатор камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди:
Хусусан,
— электрон полис расмийлаштириш бўйича оммавий шартномалар янги қоидаларга мослаштирилмаган;
— айрим шартномалар давлат тилида берилмаган;
— суғурта компанияларининг мажбуриятлари: тўлов муддатлари, истиснолар, пеня тўлаш тартиби ва бошқалар тўлиқ ёзилмаган;
— баъзи компаниялар веб-сайтларида маълумотлар янгиланмаган ёки умуман мавжуд эмас;
— қонун ва қоидаларнинг янгиланган таҳрири ёки расмий ҳаволалари жойлаштирилмаган;
— онлайн полис олишдан олдин шартлар билан танишиш имконияти яратилмаган.
«Суғурта хизматлари тўғрисида истеъмолчиларга тўғри ва тушунарли маълумотлар тақдим этилмаслиги ўзаро муносабатларда турли келишмовчиликларни юзага келишига сабаб бўлмоқда», — дейилади қўмита хабарида.
Шунингдек, истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Қўмита томонидан киритилган маълумотга асосан, ушбу соҳадаги ваколатли орган томонидан барча суғурта ташкилотларига юқорида қайд этилган ҳолатларни кўриб чиқиш ва қисқа муддатларда бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилган.





