
Сурияда Асаднинг «жаллоди» қўлга олинди
Суриянинг янги хавфсизлик кучлари собиқ режим қолдиқларини тозалашда давом этмоқда.

Дамашқ вилояти терроризмга қарши кураш бошқармаси ва хавфсизлик кучларининг Ҳасака вилояти яқинида ўтказган қўшма операцияси натижасида 2010–2014 йилларда Ҳарбий хавфсизлик бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаган генерал-майор Ратеб Али Ғанемий ҳибсга олинди. Бу ҳақда Сурия Ички ишлар вазирлигига таяниб, SANA давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Асад давридаги фаолияти
Вазирликнинг маълум қилишича, Ғанемий юқори лавозимга тайинланишидан аввал собиқ президент Башар Асаднинг бевосита топшириғи билан Ҳасака шаҳридаги ҳарбий хавфсизлик бошқармасига раҳбарлик қилган.
Айбловлар ва тергов маълумотлари
Тергов маълумотларига кўра, айнан шу даврда у халқ намойишларини бостиришда, қийноқлар қўллашда ва тинч аҳолига нисбатан бошқа жиноий усулларни ишлатишда фаол иштирок этган. Бу ҳаракатлар фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларининг қўпол равишда бузилишига олиб келган.
Асад режими ағдарилганидан кейин, генерал курдларнинг YPG/SDF қуролли тузилмаларига қўшилиб олган деб тахмин қилинмоқда.





