Logo

Сурхондарёда ички органида наркотик олиб ўтган афғонистонлик қўлга олинди

Bugun 17:151 daqiqa

Вилоятда ўтказилган тезкор тадбирларда қарийб 3 килограмм наркотик мусодара қилинди.

Сурхондарёда ички органида наркотик олиб ўтган афғонистонлик қўлга олинди © Foto: t.me/xavfsizlik_uz

Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ва Божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Сурхондарё вилоятида наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ уч ҳолатга чек қўйилди.

Денов туманида муқаддам наркотик савдоси билан боғлиқ жиноят учун судланган 1980 йилда туғилган шахснинг хонадони кўздан кечирилганда, у ердан келгусида сотиш мақсадида сақланаётган 1 килограмм 7 грамм опий ва 998 грамм гашиш аниқланди.

Деновда яна бир ҳолат

Денов туманидаги яна бир тезкор тадбирда 1986 ва 1966 йилларда туғилган икки нафар фуқаро ушланди. Улар ҳам аввал наркотик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун судланган.

Терговга қадар ўтказилган тадбирда улар 491 грамм гашишни шартли харидорга 85 миллион сўмга сотиш вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Термиз шаҳридаги ҳолатда эса 2003 йилда туғилган Афғонистон фуқароси наркотик моддани қўшни давлатдан яширин тарзда олиб келишда ўз ички органидан «жонли контейнер» сифатида фойдаланган.

 У «Термиз халқаро савдо маркази» ҳудудида 506 гр «опий» моддасини шартли харидорга 2500 АҚШ долларига сотган вақтида қўлга олинган.

Ҳозирда ҳар учала ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid