add

Taftish.uz «иши» бўйича қўшимча маълумотлар эълон қилинди

Bugun 18:183 daqiqa

Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти нашр ходимлари билан боғлиқ жиноят иши юзасидан расмий баёнот берди.

Taftish.uz «иши» бўйича қўшимча маълумотлар эълон қилинди

Аввалроқ, Taftish.uz сайтининг беш ходими процессуал тартибда қўлга олинганлиги ҳақида хабар берган эдик. Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти ҳолат юзасидан қўшимча баёнот берди.

Вазирлик баёнотида қайд этилишича, «Elita Media» МЧЖга қарашли Taftish.uz таҳририяти ходимлари «жиноий гуруҳ тузиб, товламачилик ва фирибгарлик содир этганлик»да айбланмоқда. Шунингдек, 27 нафар фуқаронинг мурожаатлари асосида 21 та ҳолатда Жиноят кодексининг 168-моддаси, (фирибгарлик) 165-моддаси, (товламачилик) 139-моддаси (туҳмат) ва 244-6-моддасида (ёлғон ахборот тарқатиш) назарда тутилган жиноят аломатлари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, «Elita Media» МЧЖ тасарруфида фаолият юритган Taftish.uz лойиҳаси вакиллари журналистик текширув ва жамоатчилик назорати ниқоби остида жиноий гуруҳ тузиб, тизимли равишда товламачилик ва фирибгарлик билан шуғулланган. Гуруҳга норасмий раҳбар сифатида 1988 йилда туғилган Ғайрат Абераев бошчилик қилган. У билан бирга мухбир сифатида ишлаган Азизжон Юлдашев, Сардор Ҳамидов, Маржона Эшқувватова ва Дилшод Нишонов жиноий фаолиятга жалб этилган.

Терговда аниқланишича, гуруҳ аъзолари турли фуқаролар ва тадбиркорлар ҳақида салбий мазмунда видеоматериаллар тайёрлаб, интернет платформаларида тарқатган. Кейин эса ушбу видеоларни ўчириш ёки янада оғир материаллар чиқармаслик эвазига пул талаб қилинган. Айрим ҳолларда бир материал учун икки томонлама «даромад» олинган: аввал мурожаатни ёритиш учун, кейин эса ўша материални олиб ташлаш учун.

Бундай схемалардан бири Тошкентдаги «Чилонзор буюм савдо комплекси» билан боғлиқ ҳолатда кузатилган. Судда аллақачон ҳал этилган низо қайта кўтарилиб, бозор маъмуриятини обрўсизлантирувчи видеолавҳа тайёрланган. 

Шундан сўнг видеони ўчириш учун 40 миллион сўм талаб қилинган ва бу жараён шартнома орқали «қонунийлаштириш»га уринилган. Маблағнинг бир қисми эса жиноий гуруҳ аъзосининг шахсий банк картасига ўтказилган.

Шу каби ҳолат Самарқанд вилоятида фаолият юритган қурилиш компанияси мисолида ҳам қайд этилган. Компания ҳақида уюштирма маълумотларга асосланган видеолар тарқатилиб, кейинчалик яна икки видеони чиқармаслик шарти билан тадбиркордан катта миқдорда маблағ ва ҳатто қўшимча молиявий мажбуриятлар талаб қилинган. Пул ўз вақтида берилмаганидан сўнг эса таҳдидлар амалга оширилиб, обрўсизлантирувчи видеолар тарқатилган. Тадбиркор ушбу видеоларни ўчиртириш эвазига 8 январ куни жиноий гуруҳ аъзоларидан бирининг банк картасига дастлабки, 30 млн сўмни, 12 январ куни эса яна 30 миллион сўм пулларни ўтказиб берган.

Тергов материалларида Намаган вилоятидаги оилавий жанжал билан боғлиқ ҳолат ҳам алоҳида ўрин олган. Бир томон манфаатини кўзлаб, иккинчи томон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ёлғон маълумотлар асосида 18 та видеоролик тайёрланиб, қисқа муддат ичида кетма-кет тарқатилган. Суд томонидан маъмурий жавобгарликка тортилганига қарамай, жиноий ҳаракатлар давом эттирилиб, видеоларни ўчириш баҳонасида яна пул талаб қилинган.

Ички ишлар вазирлиги ушбу иш бўйича тергов ҳаракатлари давом этаётганини маълум қилди.

Вазирлик ушбу гуруҳ ҳаракатларидан жабр кўрган бошқа фуқаролар ҳам бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, барчани бефарқ қолмасликка ва белгиланган тартибда мурожаат қилишга чақирмоқда.

Teglar

Mavzuga oid