Талабаларни иш билан таъминлаган тадбиркорларга 10 млрд сўмгача имтиёзли кредит ажратилади
Ҳар 2 млрд сўмлик кредит эвазига камида икки нафар ёшни иш билан таъминлаш ҳамда уларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан кам бўлмаган маош тўлаш талаб этилади.

Ўзбекистон президентининг «Тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали ёшлар бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарорда белгиланишича, «Ёшлар бизнеси» ва «Келажакка қадам» дастурларининг навбатдаги босқичи амалга оширилади. Уч йил давомида 300 мингдан ортиқ ёшларни қамраб олиниб, қарийб 100 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Шунингдек, саноат, хизмат кўрсатиш ва ўзини ўзи банд қилиш соҳаларида ёшларнинг бизнес ташаббусларини молиялаштириш тизими кенгайтирилади.
«Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан «Келажакка қадам» дастури доирасида «Келажак тадбиркорлари» лойиҳаси амалга оширилади ва бизнес ғояларини амалга ошириш истагида бўлган 31 ёшга тўлмаган талаба ва ёшларга 2 млрд сўмгача кредит ажратилади.
«Келажак тадбиркорлари» лойиҳаси
Ўзини ўзи банд қилган ва бизнесга илк қадам қўймоқчи бўлганларга 6 ойлик имтиёзли давр билан 18 ойгача гаровсиз 20 млн сўмгача;
Зарур бизнес кўникмага эга бўлиб, тадбиркорлик субекти сифатида мустақил бизнес бошламоқчи бўлганларга 1 йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга 300 млн сўмгача;
Тадбиркорлик субекти сифатида мустақил бизнес бошлаган ва фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган ёшларга 7 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан 2 млрд сўмгача.
Тадбиркорларга ажратиладиган кредит
Бундан ташқари, талаба ва ёшларни иш билан таъминлаган тадбиркорларга 10 млрд сўмгача имтиёзли кредит ажратилади. Ҳар икки млрд сўмлик кредит учун камида икки нафар талаба ёки ишсиз ёш ишга қабул қилиниши шарт. Агар мазкур ходимлар билан меҳнат шартномаси икки йил ичида бекор қилинса, кредит бўйича имтиёзли ставка тижорат ставкасига ўзгариши белгиланган. Шу билан бирга, ишга қабул қилинган ёшларнинг иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаслиги талаб қилинади.
Аввалроқ «Ёшлар бизнеси» дастури доирасида «Алоқабанк» томонидан 31 ёшга тўлмаганларга асосий қарздан 1 йилгача, фоиз тўловларидан 3 ойгача имтиёзли давр билан 7 йилгача кредитлар Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада ажратилиши ҳақида маълумот берган эдик.





