Термиз савдо маркази минг гектаргача кенгайтирилади
Марказ ҳудудида амалга ошириладиган товар айирбошлаш ва хизматлар экспорт сифатида баҳоланади. Унга нисбатан қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) нол ставкада қўлланади.

Термиз халқаро савдо маркази ҳудудини 1 минг гектаргача кенгайтириш ва экспорт ҳажмини кескин ошириш белгиланди. Янги режага кўра, марказда йирик ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилиб, жорий йилда экспорт 600 миллион долларга, келаси йил эса 1 миллиард долларгача етказилади. Бу ҳақда Президентнинг Сурхондарё вилоятини комплекс ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишида маълум қилинди.
Марказ фаолияти
Ўтган йил давомида бу ерга 800 мингдан ортиқ Афғонистон фуқароси ташриф буюрган, экспорт ҳажми эса 320 миллион долларга етган. Бу кўрсаткичлар ҳудуднинг минтақавий савдо хаби сифатидаги аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади.
Катта ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилиши натижасида қўшимча 10 мингта янги иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган. Бу эса Сурхондарё вилоятида бандликни ошириш ва саноат салоҳиятини кучайтиришга хизмат қилади.
Марказ ҳудудида амалга ошириладиган товар айирбошлаш ва хизматлар экспорт сифатида баҳоланади. Унга нисбатан қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) нол ставкада қўлланади.
Шавкат Мирзиёев: «Бундай кўрсаткич бирорта вилоятда йўқ»
Вилоятдаги 49 минг гектар томорқанинг 35 минг гектарида 3-4 марта ҳосил олинмоқда. Энди бу тажрибани кенгайтириш ва деҳқонлар даромадини ошириш бўйича янги вазифалар белгиланди.
Термиз туманидаги «Томорқа мактаби»да ерга илмий ёндашув асосида бир йилда 5 мартагача экин экиш усуллари ўргатилмоқда. Мутахассислар фикрича, мазкур тажриба бутун Сурхондарё бўйлаб жорий этилса, маҳсулот етиштириш ҳажми ва экспорт кўрсаткичлари сезиларли ўсади.
Шу асосда Ангор, Узун ва Денов туманларида ҳам «Томорқа мактаблари» ташкил этиш, улар орқали ҳар йили 10 минг нафар аҳолини ўқитиш вазифаси қўйилди. Бундан ташқари, Термиз тумани тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда иккитадан «Инновацион томорқа мактаблари»ни ишга тушириш режалаштирилган.
Лимончилик плантациялари
Қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш мақсадида Денов, Олтинсой, Сариосиё ва Узун туманларида 5 минг гектар майдонда лимончилик плантациялари барпо этилади. Шунингдек, Олтинсой туманида 6 минг гектарда экспортбоп узум етиштириш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқилади.
Узун туманида эса Япония тажрибаси асосида тайёрланадиган қуритилган хурмо ва анжир маҳсулотларини миллий бренд сифатида тарғиб қилиш муҳим вазифа сифатида белгиланди. Бу маҳсулотларни ташқи бозорларда позициялаш орқали қўшимча қиймат занжирини яратиш ва экспорт даромадларини кўпайтириш кўзда тутилмоқда.





