
«TikTok» интерфейси зарарли: Евроиттифоқ узлусиз лентани тақиқламоқда
Евроиттифоқ «TikTok» дизайнини фойдаланувчиларда қарамлик уйғотади деб баҳолади ва платформага ўз интерфейсини тубдан ўзгартиришни юкламоқда.

Европа комиссияси «TikTok» иловаси интерфейси Евроиттифоқ қонунчилигига зид эканини расман эълон қилди. Регулятор хулосасига кўра, платформа дизайни фойдаланувчиларда, айниқса вояга етмаганлар орасида, психологик қарамликни кучайтиради.
Бу қарор Европа комиссияси томонидан қабул қилинган бўлиб, у Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонун — DSA доирасида «аддиктив дизайн»га нисбатан дунёдаги илк ҳуқуқий стандарт сифатида баҳоланмоқда.
Комиссия «TikTok»дан интерфейсни радикал қайта кўриб чиқишни талаб қилди. Акс ҳолда, компанияга глобал йиллик тушумининг 6 фоизигача жарима солиниши мумкин. Регулятор бу қарорни рақамли платформаларнинг фойдаланувчилар руҳий саломатлигига таъсири ортиб бораётгани билан изоҳлади.
Интерфейсга талаблар
Еврокомиссия «TikTok» интерфейсида бир нечта асосий элементларни зарарли деб топди. Аввало, «туганмас скроллинг» — яъни контентни узлуксиз айлантириб кўриш функцияси бекор қилиниши керак. Бу механизм компулсив хатти-ҳаракатни рағбатлантиради, деб ҳисобланмоқда.
Шунингдек, тавсия алгоритмлари қайта ишланиши талаб этилди. Фойдаланувчини доим янги видео билан «мукофотлаш» амалиёти чекланиши лозим. Автоматик видеоўқиш (Autoplay) ҳам танқид остига олинди.
Бундан ташқари, TikTok экран олдида ўтириш вақтини чеклайдиган, ҳақиқатан ишлайдиган мажбурий танаффус механизмларини жорий этиши шарт. Айниқса болалар учун ҳимоя чоралари алоҳида назорат қилинади.
Прецедент ва оқибатлар
«TikTok», табиийки, бу қарорга қарши чиқди. Компания вакили Паоло Ганино Европа комиссияси хулосаларини «асоссиз» деб атаб, барча юридик воситалар орқали ўз позициясини ҳимоя қилишини билдирди.
Мутахассислар бу қарорни бутун рақамли бозор учун прецедент деб баҳоламоқда. Энди «Facebook» ва «Instagram» каби платформалар ҳам аддиктив алгоритмлар бўйича текширувларга дучор бўлиши мумкин.
Европа комиссиясига кўра, бу қарор рақамли платформалар фойдаси билан жамоат саломатлиги ўртасида мувозанат ўрнатишга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.





