Logo

Тошкент атрофида 1 млрд долларлик икки қаватли пулли йўл қурилиши мумкин

Bugun 11:492 daqiqa

Тошкент атрофида узунлиги 100 километр бўлган икки қаватли пулли айланма йўл қуриш режалаштирилмоқда. Лойиҳа Хитой компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилиши мумкин.

Тошкент атрофида 1 млрд долларлик икки қаватли пулли йўл қурилиши мумкин © Ijtimoiy tarmoqlar

Тошкент шаҳри атрофида қиймати 1 миллиард доллар бўлган, узунлиги 100 километрлик икки қаватли пулли айланма автомобиль йўли қурилиши мумкин. Лойиҳа Хитойнинг China Railway Construction компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг пойтахтда автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва сақлаш ҳолатига бағишланган қарорида маълум қилинган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги изоҳига кўра, ҳозирча хорижий компаниялар билан якуний инвестиция келишувлари эмас, балки ҳамкорликни назарда тутувчи меморандумлар имзоланган. Шу боис барча лойиҳалар муҳокама босқичида турибди.

Бир нечта йирик лойиҳа муҳокамада


Ҳужжатга кўра, China Railway Construction билан пойтахт атрофида икки қаватли пулли айланма йўл қуриш лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳанинг қиймати 1 миллиард долларга баҳоланган. Ҳозирча унинг техник параметрлари ва амалга ошириш муддатлари очиқланмаган.

Шу билан бирга, Хитойнинг SINO-Hunan компанияси билан ҳам қиймати 1 миллиард долларлик инфратузилма лойиҳаси бўйича меморандум имзоланган.

Ушбу лойиҳа доирасида 7 та туннель, 5 та йўлўтказгич, 16 та кўчада 57 километрлик БРТ (тезкор автобус) йўлаклари, шунингдек, 279 километр автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган.

Бошқа бир меморандумга мувофиқ, China Construction компанияси 500 миллион долларлик сармоя ҳисобига 3 та йўлўтказгич, 4 та кемпинг ҳудуди барпо этиши ва 27 километр йўлни капитал таъмирлаши мумкин.

Шунингдек, Shanghai Construction билан 100 миллион долларлик лойиҳа муҳокама қилинмоқда. Унда кемпинг маркази қуриш ҳамда 7,7 километр йўлни таъмирлаш кўзда тутилган.

Янги аэропортга пулли магистраль ҳам режада

Йўл инфратузилмасини ривожлантириш бўйича режалар бу билан чекланмайди. Xinjiang Hui'er Agricultural компанияси билан йўл бўйи ҳудудларини ландшафт дизайни асосида кўкаламзорлаштириш бўйича ҳам дастлабки келишувларга эришилган.

Эслатиб ўтиш жоиз, май ойида Тошкент шаҳар ҳокимлиги China Railway Construction Corporation билан пойтахт атрофида узунлиги қарийб 100 километр бўлган пулли айланма йўл қурилишини муҳокама қилаётганини маълум қилган эди.

Шунингдек, томонлар Тошкент марказини қурилиши режалаштирилаётган «Янги Тошкент» халқаро аэропорти билан боғлайдиган пулли автомагистраль лойиҳасини ҳам кўриб чиққан.

Бундан ташқари, шаҳарни комплекс реновация қилиш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, ижтимоий объектлар қуриш ва қурилиш ҳамда маиший чиқиндиларни қайта ишлаш полигонини барпо этиш масалалари ҳам музокаралар кун тартибидан ўрин олган.

Ҳозирча мазкур ташаббусларнинг барчаси дастлабки келишувлар босқичида бўлиб, уларни амалга ошириш бўйича якуний қарорлар ва инвестиция шартлари кейинги музокаралар жараёнида белгиланиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid

Тошкент атрофида 1 млрд долларлик икки қаватли пулли йўл қурилиши мумкин | Vaqt.uz