Тошкент халқаро молия маркази «Toshkent City» ҳудудида жойлашади
Марказ «Tashkent City» ҳудудида жойлашиб, давлат банклари бинолари ҳамда «Bomi Finance Center» негизида фаолият юритиши режалаштирилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда молия бозорини ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида «Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Фармонга кўра, марказ «Toshkent City» ишбилармонлик маркази ҳудудида жойлашади. У «Aloqabank», «Asakabank» (Asaka Tower), «SQB» ҳамда «Bomi Finance Center» бинолари жойлашган ҳудудни қамраб олади.

Манбаларга кўра, марказ аввал сотувга қўйилган давлат банклари бинолари негизида ташкил этилади. Бу қарор янги бинолар қуриш билан боғлиқ катта харажатларни камайтиришга хизмат қилади. Бинолар марказ бошқарув органларига тўғридан тўғри ижарага берилиб, кейинчалик иштирокчиларга иккиламчи ижара асосида тақдим этилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2030-йилгача мазкур марказ орқали иқтисодиётга қўшимча 20–25 млрд доллар инвестиция жалб қилиниши мумкин. Шунингдек, ЯИМ ўсишига ҳар йили қўшимча 1 фоиз ҳисса қўшиш, 15 минггача юқори малакали иш ўрни яратиш ва 10 минг нафар мутахассис малакасини ошириш режалаштирилган.
Асосий вазифалар
Марказ фаолияти тўрт йўналишни қамраб олади: инвестицияларни жалб қилиш, капитал бозорини ривожлантириш, молия хизматларини кенгайтириш ва инновацион хизматлар экотизимини шакллантириш.
Бу доирада жаҳон молия бозорлари билан интеграцияни кучайтириш, қимматли қоғозлар савдосини ривожлантириш, банк ва суғурта хизматлари, финтех, электрон тижорат ва криптоактивлар бозорини кенгайтириш кўзда тутилган.
Имтиёзлар ва ҳуқуқий режим
ТХММ иштирокчилари учун кенг кўламли имтиёзлар жорий этилади. Жумладан, чет эл мутахассисларини ишга жалб қилишда рухсатномалар талаб этилмайди, ҳисоб-китобларни хорижий валюта ёки криптоактивларда амалга оширишга рухсат берилади.
Марказ иштирокчилари ва ходимлари учун 5-йилгача визалар берилади, даромад ва капитални чекловларсиз репатриация қилиш имконияти яратилади. Шунингдек, 2076-йилга қадар фойда солиғи, ижтимоий солиқ, ер ва мол-мулк солиқлари бўйича имтиёзлар амал қилади.
Марказ ҳудудида молия, суғурта, инвестиция, банк, тўлов тизимлари ва финтех хизматлари ҚҚСдан озод этилиши ҳам назарда тутилган.





