Logo

Тошкент ҳокимлиги пулли парковка ҳақини тўламаган ҳайдовчиларни жаримага тортишни таклиф қилди

Bugun 19:272 daqiqa

Мазкур ташаббус доирасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиришлар киритиш режалаштирилган бўлиб, унга кўра тўловдан бўйин товлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида — ҳозирги ҳисобда 824 000 сўм, 1 сентябрдан эса 880 000 сўм жаримага тортилишига сабаб бўлади.

Тошкент ҳокимлиги пулли парковка ҳақини тўламаган ҳайдовчиларни жаримага тортишни таклиф қилди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги йўл бўйидаги пулли парковкаларидан фойдалангани учун тўловни амалга оширмаган ҳайдовчиларга маъмурий жавобгарлик жорий этишни таклиф қилди. Бу бўйича қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди ва 28 июлгача таклиф ҳамда эътирозлар қабул қилиниши белгиланди.

Лойиҳага кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 128¹¹-модда билан тўлдирилади. Унга мувофиқ, йўл бўйидаги пулли автотураргоҳдан фойдаланганлик учун тўловни қонунчиликда белгиланган муддатда амалга оширмаслик ёки ундан бўйин товлаш БҲМнинг 2 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳозирги ҳисоб-китоб бўйича бу 824 000 сўмни ташкил этади, 1 сентябрдан эса 880 минг сўмга етади.

Мазкур норма қонунчиликка мувофиқ парковкадан бепул ёки имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

Назорат автоматик тизим орқали амалга оширилади

Қонун лойиҳасида тўлов амалга оширилмаганини автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш воситалари орқали тасдиқлаш таклиф қилинган.

Шунингдек, ахборот тизимларидаги маълумотлар ҳам ҳуқуқбузарликни исботловчи далил сифатида тан олиниши мумкин.

Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир қатор моддаларига ўзгартиш киритилиб, бундай ишлар бўйича материалларни кўриб чиқиш тартиби ҳам белгиланиши режалаштирилган.

Жарима қайси парковкаларга татбиқ этилади?

Лойиҳа муаллифларининг таъкидлашича, пулли парковка хизмати учун ҳақ тўлаш мажбурияти амалдаги «Йўл ҳаракати тўғрисида»ги қонунда аллақачон белгиланган. Бироқ уни бажармаслик учун алоҳида жавобгарлик чораси мавжуд эмас.

Таклиф этилаётган жарима фақат давлат органлари тасарруфидаги кўчаларда ташкил этилган йўл бўйи пулли парковкаларига нисбатан татбиқ этилади. Шлагбаум ўрнатилган хусусий парковкалар ушбу норма доирасига кирмайди.

Teglar

Mavzuga oid