Тошкент метросига яна 3 та янги поезд олиб келинди
2026 йил охиригача Тошкент метрополитенига яна 11 та замонавий ҳаракат таркибини олиб келиш режалаштирилган.

Тошкент метрополитенига яна 3 та замонавий тўрт вагонли ҳаракат таркиби олиб келинди. Бу ҳақда метрополитен матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, янги поездларни линияларга чиқариш поездлар ҳаракати интервалини қисқартириш, йўловчиларга кўрсатилаётган хизмат сифатини яхшилаш ҳамда хизмат муддати узоқ бўлган эски ҳаракат таркибларини босқичма-босқич замонавий поездлар билан алмаштириш имконини беради.
Метрополитен маълумотларига кўра, янги ҳаракат таркиблари ташиш қувватини ошириш, ҳаракат жадвалининг барқарорлигини таъминлаш ва кун саин кўпайиб бораётган йўловчилар оқимига самарали хизмат кўрсатишда муҳим ўрин тутади.
Яна 11 та поезд
Метрополитенни модернизация қилиш ишлари келгуси ойларда ҳам давом эттирилади. Расмий режага мувофиқ, 2026 йил якунига қадар Тошкент метрополитени паркига яна 11 та замонавий ҳаракат таркиби олиб келиш кўзда тутилган.
Бу орқали пойтахт метросида поездлар сони кўпайиши, ҳаракат интервали янада қисқариши ва юклама юқори бўлган йўналишларда хизмат сифати ошиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилнинг 1-сентабрига қадар Тошкент шаҳри жамоат транспорти ҳамда шаҳар атрофи темир йўл қатновларида йўлкира ҳақини тўлашнинг интеграциялашган тизими йўлга қўйилади. Янги тартибга кўра, шаҳар атрофидан қатновчи йўловчилар учун жамоат транспортидан фойдаланишни қулайлаштириш мақсадида махсус жозибадор тариф режалари жорий қилинади. Хусусан, йўловчилар «электропоезд-автобус» ҳамда «электропоезд-метро» йўналишларида узлуксиз ва арзонлаштирилган тўлов тизимидан фойдаланиши мумкин бўлади.





