Logo

Тошкент вилоятида иссиқхоналарни демонтаж қилиш бошланди

Bugun 11:173 daqiqa

Тошкент вилоятида ҳавони ифлослантирган айрим иссиқхоналарни демонтаж қилиш ишлари бошланди. Улар босқичма-босқич «Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонасига кўчирилади.

Тошкент вилоятида иссиқхоналарни демонтаж қилиш бошланди © prezident.uz

Тошкент вилоятининг Қибрай, Тошкент, Зангиота ва Юқори Чирчиқ туманларида жойлашган айрим иссиқхоналарни демонтаж қилиш ҳамда уларни сунъий иситиш тизимларидан узиш ишлари бошланди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилди.

Қўмита маълумотига кўра, куз-қиш мавсумида айрим иссиқхона хўжаликлари сунъий иситиш учун кўмир, мазут, автомобиль шиналари ва бошқа зарарли ёқилғи турларидан фойдаланган. Бу эса атмосфера ҳавосига меъёрдан ортиқ зарарли моддалар чиқишига сабаб бўлиб, атроф-муҳит ҳамда аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатган.

Шу муносабат билан фуқаролардан кўплаб мурожаатлар келиб тушган. Аввал ўтказилган рейдлар давомида зарарли ёқилғидан фойдаланган иссиқхоналарга нисбатан чоралар кўрилиб, ҳавони ифлослантириш манбалари бартараф этилгани қайд этилди.

Кўчириш ва имтиёзлар

Экология қўмитаси таъкидлашича, иссиқхоналарни иқлими қулайроқ ҳудудларга кўчириш, тадбиркорларнинг иситиш харажатларини қисқартириш ҳамда аҳолини йил давомида мева-сабзавот билан таъминлаш мақсадида президент қарорлари қабул қилинган.

Айнан шу ҳужжатлар асосида иссиқхоналарни сунъий иситиш тизимларидан узиш ва уларни бошқа ҳудудларга кўчириш ишлари бошланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 162-сон қарорига мувофиқ, фаолиятини тўхтатиб, Сурхондарё вилоятидаги «Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонасига кўчадиган иссиқхона хўжаликлари учун бир қатор енгилликлар белгиланган.

Нималар қопланади?

Ҳужжатга кўра, аввал олинган кредитларни қайтариш муддати 5 йилга узайтирилади, шундан 3 йилгача имтиёзли давр берилади. Шунингдек, илгари ажратилган давлат кафолатлари ҳамда фоиз тўловларини қоплаш бўйича компенсациялар сақлаб қолинади.

Бундан ташқари, 2028 йил 1 апрелгача «Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонасига кўчириладиган иссиқхоналарнинг демонтаж қилиш, ташиш ва қайта ўрнатиш харажатлари ер майдонининг ҳар бир сотихи учун 500 минг сўмгача бир марталик тартибда қоплаб берилади. Айни пайтда Тошкент вилоятидаги тадбиркорларга кўчиш шартлари ва мавжуд имтиёзлар юзасидан тушунтириш ишлари давом этмоқда.

Нега Сурхондарё?


Илмий тадқиқотларга кўра, қиш ойларида иссиқхонада оптимал (+18…+22 даража) ҳароратни сақлаш учун кетадиган харажатлар ҳудуднинг иқлимига бевосита боғлиқ. Масалан, январь ойида Тошкентда ўртача ҳарорат +6°C ни ташкил этса, Термизда бу кўрсаткич +10,8°C га тенг. Бу кичик фарқ иситиш харажатларида геометрик ўсишга сабаб бўлади. Натижада, Тошкент вилоятида 1 тонна маҳсулот етиштириш таннархи 11,9 млн сўм бўлса, Сурхондарёда атиги 4,9 млн сўмни ташкил этади.

Сурхондарёнинг Термиз ва Шеробод ҳудудлари йиллик қуёш нури тушиши бўйича республикада энг юқори кўрсаткичларга эга. Юқори инсоляция даражаси фотосинтез жараёнини тезлаштиради ва сунъий ёритишга бўлган эҳтиёжни камайтиради. Бу нафақат энергияни тежайди, балки ўсимликларнинг тезроқ ўсиши ва ҳосилдорликнинг ошишини таъминлайди. Қишнинг юмшоқ келиши эса иситиш тизимларига бўлган юкламани камайтириб, молиявий барқарорликни оширади.

Мутахассисларнинг фикрича, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш қишлоқ хўжалигида рақобатбардошликни оширишнинг энг самарали йўлидир. Сурхондарё мисоли шуни кўрсатадики, тўғри танланган ҳудуд харажатларни камайтириш билан бир қаторда, йил давомида узлуксиз ҳосил олиш имконини беради. Бу эса иссиқхона эгалари учун авариявий ҳолатлар хавфини камайтириб, ишлаб чиқариш занжирининг мустаҳкамлигини таъминлайди.

Иссиқхона маҳсулотларининг таннархидаги фарқ ҳудудлараро иқтисодий рақобатни белгилаб бермоқда. Сурхондарёда етиштирилган маҳсулот Тошкентдагига нисбатан 2,5 баравар арзон бўлиши, жанубий вилоятнинг нафақат ички бозорда, балки ташқи бозорларда ҳам устунликка эга эканини англатади. Энергия ресурслари нархи ортиб бораётган шароитда, табиий иссиқлик ва ёруғликдан фойдаланиш энг муҳим тежамкорлик омилига айланмоқда.

Шу тариқа, Сурхондарё вилояти Ўзбекистоннинг асосий «иссиқхона ҳаби»га айланиши учун барча имкониятларга эга.

Teglar

Mavzuga oid