Logo

Тошкент вилоятида жамоат транспорти тарифлари оширилмоқда

Bugun 10:402 daqiqa

Янги қарор билан автобусда нақд тўлов 2 600 сўм, транспорт ёки банк картаси орқали тўлов эса 2 000 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, абонемент ва чегирмали тарифлар жорий этимоқда.

Тошкент вилоятида жамоат транспорти тарифлари оширилмоқда © Ijtimoiy tarmoqlar

Тошкент вилояти халқ депутатлари Кенгаши шаҳар жамоат транспорти учун янги тарифларни тасдиқлади. Тегишли қарор E-qaror порталида эълон қилинди.

Қарорга кўра, янги тарифлар транспортда тўлов усулига қараб белгиланади. Нақд пул билан тўлов қилганда бир марталик йўл ҳақи 2 600 сўм, транспорт ёки банк картаси орқали тўланганда эса 2 000 сўм этиб белгиланган.

Бундан ташқари, вилоят шаҳарларида нақдсиз тўлов қилувчи йўловчилар учун бир соатлик бепул алмашиб ўтиш (трансфер) тизими жорий этилади. Унга кўра:

●     биринчи автобус сафари — 2 000 сўм;

●     иккинчи сафари — 1 000 сўм;

●     учинчи ва ундан кейинги сафарлар — бепул бўлади.

Шунингдек, Кенгаш муддати бир кундан бир йилгача бўлган абонемент тарифларини ҳам тасдиқлади. Улар сафарлар сони чекланган ва чекланмаган пакетлардан иборат бўлади.

Сафарлар сони чекланган тарифлар

Амал қилиш муддати

Сафарлар сони

Нархи

5 кун

22 та

34 минг сўм

10 кун

44 та

68 минг сўм

15 кун

66 та

102 минг сўм

20 кун

88 та

135 минг сўм

30 кун

130 та

200 минг сўм

Чекланмаган сафарлар учун абонемент

Амал қилиш муддати

Нархи

1 кун

8 минг сўм

7 кун

51 минг сўм

90 кун

600 минг сўм

180 кун

1,2 млн сўм

365 кун

2,4 млн сўм

Қарорга кўра, пенсионерлар, талабалар ва ўқувчилар учун абонемент тарифлари умумий нархнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Янги тарифлар Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг транспорт ва коммунал соҳа бўйича доимий комиссияси хулосаси асосида ишлаб чиқилган.

Тошкент шаҳрида автобус учун йўлкира тарифлари охирги марта 2025 йил 1 январдан ўзгартирилганди. Ўшандан буён бир йўловчи қатнови учун чекланган тариф 3 000 сўм этиб белгиланиб, электрон тўловда эса 1 700 сўм қийматида қолган.

Шунингдек, 1 сентябрдан пойтахтда автобус учун тўловларни фақат чиқиш вақтида тўланади. Бу транспорт картаси, банк картаси, смартфон ёки бошқа контактсиз тўлов воситалари орқали амалга оширилади. Ижтимоий ёки транспорт картасига эга фуқаролар ҳам валидатор орқали имтиёзли ёки бепул юриш ҳуқуқини тасдиқлаши лозим.

Vaqt.uz аввалроқ Тошкентда тунги автобуслар жорий қилиниши, аммо лойиҳа амалда кечиктирилаётгани ҳақида ҳокимликдан изоҳ олганди.

Teglar

Mavzuga oid

Тошкент вилоятида жамоат транспорти тарифлари оширилмоқда | Vaqt.uz