Тошкент вилоятида уч киши ис газидан ҳалок бўлди
Ўртачирчиқ туманида бир оиланинг уч аъзоси ис газидан заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлди. Маълум бўлишича, улар маҳаллага уч кун аввал кўчиб келган.

Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида бир оиланинг уч аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Маълум қилинишича, ҳодиса содир бўлган хонадонда 79 ёшли М.С., унинг 37 ёшли невараси Д.Ю. ҳамда 17 ёшли эвараси М.Ж. яшаган. Уларнинг барчаси бир вақтда ис газидан заҳарланган ҳолда топилган.
Суд-тиббий экспертиза хулосасига асосан, марҳумларнинг ўлимига «ис газидан ўткир заҳарланиш» сабаб бўлган. Бу ҳолат уйда газ жиҳозларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидалари бузилган бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.





