Logo

Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонун такомиллаштиришлардан сўнг маъқулланди

Bugun 17:193 daqiqa

Аввалроқ Сенат Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги конституциявий қонунни қайта ишлаш учун Қонунчилик палатасига қайтарганди.

Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонун такомиллаштиришлардан сўнг маъқулланди

Олий Мажлис Сенати 9-июл куни бўлиб ўтган 17-ялпи мажлисида «Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида»ги конституциявий қонунни маъқуллади. Ҳужжат инвестиция муҳитини яхшилаш, халқаро капитални жалб қилиш ва мамлакатда замонавий молия инфратузилмасини шакллантиришга қаратилган.

Аввалроқ мазкур қонун Сенатнинг 16-ялпи мажлисида кўриб чиқилган, бироқ қатор масалалар сабаб қайта ишлаш учун Қонунчилик палатасига қайтарилган эди. Сенаторлар ва депутатлардан иборат келишув комиссияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳужжатни такомиллаштирди.

Сенатор Эркин Гадоевнинг таъкидлашича, марказ ҳудудида банк ва инвестиция фаолияти, суғурта, қимматли қоғозлар бозоридаги операциялар, тўлов тизимлари, ислом молияси, молиявий технологиялар, аудит, консалтинг ҳамда юридик хизматлар учун алоҳида тартиб амал қилади.

Унинг сўзларига кўра, марказ иштирокчилари махсус мақомга эга бўлиб, улар учун солиқ ва бошқа имтиёзлар, хорижий инвесторлар ҳамда мутахассисларга эса мамлакатга кириш ва чиқиш бўйича енгилликлар тақдим этилади.

Инвесторларга янги имкониятлар

Қонунга мувофиқ, Тошкент халқаро молия маркази иштирокчилари хорижий мутахассисларни меҳнат фаолияти ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатсиз ишга қабул қилиши мумкин бўлади. Марказга алоқадор хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга беш йилгача муддатли кириш визаси берилиши мумкин.

Қайта ишлаш жараёнида марказ иштирокчиларининг маблағлари ва маълумотларини ҳимоя қилиш бўйича нормалар ҳам такомиллаштирилди. Улар жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартларга мослаштирилди.

«Солиқ ва виза имтиёзлари ҳам сезиларли даражада такомиллаштирилди. Мана шу имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи ва кимлар фойдаланиши мумкинлиги аниқ белгилаб берилди. Ушбу дастурдан фойдаланиш шартлари, минимал инвестиция мезонлари, маблағларнинг келиб чиқиши, бенефициар эгалик, солиқ резидентлиги таърифи ҳамда субстанcе билан боғлиқ бўлган қатор талаблар аниқ белгилаб берилди», — деди Эркин Гадоев.

Унинг маълум қилишича, дастурда иштирок этиш шартлари, минимал инвестиция мезонлари, маблағларнинг келиб чиқиши, бенефициар эгалик ва солиқ резидентлиги билан боғлиқ талаблар аниқ кўрсатилган.

Шунингдек, эркин капитал ҳаракати ва даромадларни репатриация қилиш тамойиллари сақлаб қолинади. Бироқ ушбу механизм мамлакат молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида Марказий банк билан мувофиқлаштирилган ҳолда ишлайди.

Бундан ташқари, Тошкент халқаро тижорат судининг ваколатлари қайта кўриб чиқилди. Суд юрисдикцияси аниқлаштирилиб, халқаро тижорат ҳуқуқи, арбитраж, молия, банкротлик ва рақамли активлар соҳасида тажрибага эга мутахассисларни жалб қилиш имконияти яратилди.

Иқтисодий таъсир прогнозлари

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Шоҳрух Ғуломовнинг маълум қилишича, қонунни такомиллаштириш жараёнида Қозоғистон ва Бирлашган Араб Амирликларидаги халқаро молия марказлари тажрибаси ўрганилган.

Унинг қайд этишича, Қозоғистондаги молия маркази 2018 йилдан буён фаолият юритиб келади. Шу давр мобайнида мамлакатга 20 млрд доллардан ортиқ инвестиция жалб қилинган, 1900 дан зиёд халқаро компания рўйхатдан ўтган.

Дубай халқаро молия маркази эса 2004 йилдан бери ишлайди. У ерда 4800 дан ортиқ халқаро компания фаолият юритади ва 50 мингдан зиёд малакали мутахассис иш билан таъминланган.

Шоҳрух Ғуломовга кўра, дастлабки ҳисоб-китоблар бўйича 2030 йилга келиб Тошкент халқаро молия маркази ҳар йили Ўзбекистон иқтисодиётига 20–25 млрд доллар инвестиция жалб қилиши мумкин. Шунингдек, марказ мамлакат ЯИМига камида 1 фоиз ҳисса қўшиши прогноз қилинмоқда.

Бундан ташқари, марказда 10 мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижий мутахассислар фаолият юритиши кутилмоқда. Вазирлик вакилига кўра, янги тизим мамлакат кредит рейтингини ошириш, арзон молия ресурсларини жалб қилиш ва бизнес учун қулай шароит яратишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил март ойида Ўзбекистонда молия бозорини ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида «Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинганди.

Фармонга кўра, марказ «Toshkent City» ишбилармонлик маркази ҳудудида жойлашади. У «Aloqabank», «Asakabank» (Asaka Tower), «SQB» ҳамда «Bomi Finance Center» бинолари жойлашган ҳудудни қамраб олади.

Teglar

Mavzuga oid

Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонун такомиллаштиришлардан сўнг маъқулланди | Vaqt.uz