Logo

Тошкентда 8 мингдан ортиқ истеъмолчи электрсиз қолди

Bugun 16:281 daqiqa

Аномал иссиқ сабаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг айрим электр узатиш тармоқлари ҳамда подстанцияларида техник носозликлар юзага келган.

Тошкентда 8 мингдан ортиқ истеъмолчи электрсиз қолди

16-июл куни соат 14:30 ҳолатига кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг айрим электр узатиш тармоқлари ҳамда подстанцияларида техник носозликлар юзага келди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Вазирлик матбуот котиби Дилдора Ҳошимованинг Vaqt.uz'га маълум қилишича, носозликларга ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши ва электр тармоқларига тушаётган юкламанинг ортиши сабаб бўлган.

Оқибатда Олмазор, Яккасарой, Чилонзор, Юнусобод, Яшнобод, Мирзо Улуғбек, Сергели ҳамда Зангиота туманларидаги 8 250 та истеъмолчи вақтинча электр таъминотидан узилган.

Айни пайтда махсус авария бригадалари носозликларни бартараф этиш ва истеъмолчиларнинг электр таъминотини қайта тиклаш ишларини олиб бормоқда.

Вазирликка кўра, электр таъминотидаги режали ва режадан ташқари узилишлар ҳақида ҳар бир туман электр таъминоти корхонаси ташкил этган Telegram гуруҳлари орқали мунтазам маълумот бериб борилмоқда.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари ташкил этган Telegram гуруҳларида ҳам электр таъминотидаги узилишлар ва таъмирлаш ишлари юзасидан тезкор ахборотлар эълон қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Энергетика вазирлиги йирик аварияларнинг олдини олиш учун айрим ҳудудларда 2 соатгача электр таъминотига мажбурий чекловлар жорий этилганини маълум қилган эди.

Teglar

Mavzuga oid