Logo

Тошкентда жазирама туфайли сув сепиш ва суғориш ишлари кучайтирилди

Bugun 10:251 daqiqa

Пойтахтда ҳаво ҳароратининг кескин ошиши ортидан аҳоли учун қулай шароит яратиш ҳамда яшил асраш мақсадида кўчаларга сув сепиш ва яшил ҳудудларни суғориш ишлари кенгайтирилди.

Тошкентда жазирама туфайли сув сепиш ва суғориш ишлари кучайтирилди © Toshkent shahar hokimligi | Videodan kadr

Тошкентда иссиқ об-ҳаво шароитида аҳоли учун қулай муҳит яратиш ҳамда яшил ҳудудларни сақлаш мақсадида сув сепиш ва суғориш ишлари кучайтирилди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, шаҳарнинг марказий ва асосий кўчаларида махсус техникалар ёрдамида сув сепиш ишлари тасдиқланган жадвал асосида амалга оширилмоқда.Шу билан бирга, газонлар, дарахтлар ва бошқа кўкаламзор ҳудудларда суғориш ишлари ҳам кучайтирилган.

Расмий маълумотга кўра, ишлар бир нечта шаҳар ташкилотлари ҳамкорлигида олиб борилмоқда. Жумладан, жараёнда Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси, Тошкент шаҳар Махсус суғориш ускуналарини таъмирлаш ва сақлаш ихтисослаштирилган бошқармаси ҳамда Алоҳида аҳамиятга эга кўчаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бошқармаси иштирок этмоқда.

Ҳокимликка кўра, ушбу ишлар шаҳар муҳитини салқинроқ сақлаш, яшил ҳудудларни асраш ва ёзги мавсумда коммунал хизматлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Пойтахтда қўшимча равишда шаҳар фаввораларининг узлуксиз ишлаши ҳам таъминланиши режалаштирилган.

Бу чоралар ёзнинг энг иссиқ кунларида шаҳар аҳолиси учун қулай шароит яратишга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳри ҳамда яна саккизта туманда ҳаво ҳароратининг кескин ошиши сабабли мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинча тўхтатилиши ҳақида хабар берилган эди.

Teglar

Mavzuga oid