
Тошкентда нечта мактаб ва боғча етишмаётганлиги айтилди
Аҳоли ўсиши ортидан пойтахтда мактаб, боғча ва спорт иншоотларига эҳтиёж кескин ошган.

Тошкент шаҳрида аҳолининг йиллик ўсиши туфайли таълим ва спорт инфратузилмасига бўлган эҳтиёж жиддий даражага етди. Ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, пойтахтда 75 та мактаб ва болалар боғчаси ҳамда 23 та спорт иншооти етишмаяпти. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 16 декабр куни пойтахтни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, мавжуд мактаб ва боғчаларда ўринлар танқислиги 100 минг нафардан ортиқ болани қамраб олмоқда. Бу ҳолат таълим сифатини сақлаб қолиш ва болаларни тўлиқ қамраб олиш учун янги объектлар қурилишини тезлаштиришни талаб қилади.
Шу муносабат билан президент туман ҳокимларига аниқ вазифалар юклади. Унга кўра, ҳар бир туман ҳокими ўз ҳудудида маблағ жалб қилиш орқали ҳар йили биттадан мактаб, болалар боғчаси ва спорт иншоотини қуриши шарт. Қолган объектлар эса давлат инвестиция дастурлари орқали барпо этилади.
Режага мувофиқ, инвестиция дастурлари доирасида қўшимча равишда 15 та мактаб ва болалар боғчаси ҳамда 11 та спорт иншооти қурилиши кўзда тутилган. Шунингдек, келгуси йил инфратузилма лойиҳаларига давлат кафолатисиз хорижий манбалардан яна 300 миллион доллар жалб қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Йиғилишда таълим сифатини оширишга қаратилган «Тошкент тажрибаси» лойиҳаси натижалари ҳам муҳокама қилинди. Жорий йилда ҳар бир туманда битта мактабда жорий этилган ушбу лойиҳа доирасида 7–11-синфларда ИТ, тиббиёт, бизнес ва муҳандислик йўналишларида таҳсил олаётган 1500 нафар ўқувчи саралаб олинган.
Ўқувчиларнинг натижаларига қараб, уларга дарс бераётган ўқитувчиларга ойига 20 миллион сўмгача қўшимча маош тўлаш тизими жорий этилган. Президент ушбу тажрибани кенгайтиришни топшириб, келгуси йил бундай мактаблар сонини 24 тага, 2027 йилга бориб эса 33 тага етказиш вазифасини қўйди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026 йилдан таълим инфратузилмасини сақлаш ва янгилашга оид асосий харажатлар марказдан эмас, маҳаллий бюджетлар ҳисобидан қопланиши ҳақида хабар берган эдик.





