add

Трамп миллатга мурожаатида ташқи урушларни тилга олмади

Bugun 13:303552 daqiqa

Доналд Трамп миллатга мурожаатида ташқи сиёсатни четга суриб, ички иқтисод, миграция ва хавфсизлик соҳасида маъмурияти ютуқларини асосий эътибор марказига қўйди.

Трамп миллатга мурожаатида ташқи урушларни тилга олмади

АҚШ президенти Доналд Трамп 18 декабр куни миллатга мурожаат билан чиқиб, нутқида Россиянинг Украинага қарши уруши ёки Венесуэла атрофидаги вазиятни тилга олмади. У ўз чиқишини деярли тўлиқ ички сиёсат ва маъмуриятининг ютуқларига бағишлади.

Трамп сўзларига кўра, ҳозирги ҳукумат 11 ой ичида АҚШ тарихидаги исталган маъмуриятдан кўра кўпроқ натижага эришган. У чегаралар хавфсизлиги таъминлангани, инфляция тўхтатилгани, иш ҳақлари ўсгани ва нархлар пасайганини таъкидлади. Президентнинг фикрича, АҚШ янги, мисли кўрилмаган иқтисодий ўсиш остонасида турибди.

Нутқ давомида Трамп олдинги президент Жо Байден маъмуриятини кескин танқид қилди. У «очиқ чегаралар», жиноятчиликнинг ўсиши, савдодаги номақбул келишувлар, федерал ҳукуматдаги коррупция ва ижтимоий сиёсатдаги баҳсли қарорларни мисол сифатида келтирди.

Президент бир қатор рақамлар ва даъволарни ҳам илгари сурди. Унинг айтишича, денгиз орқали АҚШга кириб келаётган наркотиклар оқими 94 фоизга қисқарган, Америка армияси дунёдаги энг қудратли кучга айланган. Шунингдек, 1 млн 450 минг ҳарбий хизматчи Рождество байрами арафасида АҚШ ташкил топган 1776 йил рамзи сифатида 1776 доллар миқдорида махсус тўлов олади.

Трамп, шунингдек, сўнгги 50 йилда илк бор АҚШда мигрантлар сони қисқарганини маълум қилди. У Яқин Шарқда «уч минг йилда илк бор тинчлик ўрнатилгани»ни ҳам таъкидлади, аммо бу гапига ҳам батафсил изоҳ бермади.

Нутқ якунида президент АҚШ дунёда яна ҳурмат қозонганини таъкидлаб, мамлакат келгуси йилда ўз кучига ишонган ва бутун дунё ҳавас қиладиган давлат сифатида намоён бўлишини билдирди..

Teglar

Mavzuga oid