Logo

Транспорт вазирлиги жамоат транспортида йўл ҳақини ошириш режасига изоҳ берди

Bugun 09:482 daqiqa

Аввалроқ Тошкентда автобус ва метрода йўл ҳақини 2,5 минг сўмгача ошириш таклиф қилинганди.

Транспорт вазирлиги жамоат транспортида йўл ҳақини ошириш режасига изоҳ берди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Тошкент шаҳрида 1-октябрдан жамоат транспортида йўлкира ҳақининг янги тарифларини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан тайёрланган қарор лойиҳаси 4-сентябр куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган. Транспорт вазирлиги таклиф этилаётган тарифлар юзасидан батафсил тушунтириш берди.

Лойиҳага кўра, 1-октябрдан автобус ва метрода электрон тўлов орқали бир марталик қатнов ҳақи амалдаги 1700 сўмдан 2500 сўмга оширилиши мумкин. Нақд тўлов 3000 сўм миқдорида сақлаб қолинади, багаж ташиш ҳақи эса 4000 сўм этиб белгиланиши таклиф қилинган.

Ҳужжатда доимий йўловчилар учун янги абонементлар ва жамоат транспорти турлари ўртасида алмашиш учун алоҳида тарифларни жорий этиш ҳам кўзда тутилган. Барча нархлар ҚҚС билан бирга кўрсатилган.

Нега тариф ўзгариши мумкин?

Транспорт вазирлигига кўра, амалдаги йўл ҳақи жамоат транспорти билан боғлиқ харажатларнинг фақат бир қисмини қоплайди. Ташувларни молиялаштиришдаги асосий юк эса ҳануз давлат бюджети зиммасида қолмоқда.

Пойтахт жамоат транспорти ҳар куни қарийб 2,5 миллион йўловчига хизмат кўрсатмоқда. Ислоҳотлар натижасида ҳаракат таркиби қарийб икки баробар кенгайиб, автобуслар сони 1900 тага яқинлашган. Ўртача қатнов оралиғи ҳам 30 дақиқадан 15 дақиқага қисқарган.

Вазирлик харажатлар фақат транспорт воситаларини харид қилиш билан чекланмаслигини таъкидлаган. Уларга ҳайдовчи ва техник ходимлар иш ҳақи, ёнилғи ва электр энергияси, эҳтиёт қисмлар, таъмирлаш, депо инфратузилмаси, тозалаш, диспетчерлик, навигация ва электрон тўлов тизимлари киради.

Вазирлик тарифнинг эҳтимолий ўзгариши ташувчиларга қўйиладиган аниқ талаблар билан бирга кўриб чиқилиши кераклигини билдирган. Бунда қатновларнинг мунтазамлиги ва белгиланган интервалларга риоя қилиш муҳим мезонлардан бири бўлади.

Шунингдек, транспорт воситаларининг техник ҳолати ва тозалиги, йўловчилар хавфсизлиги, хизмат кўрсатиш маданияти ҳамда янги ҳудудларни қамраб олиш масалаларига талаблар қўйилиши кўзда тутилмоқда.

Айни пайтда тарифларни ошириш бўйича якуний қарор қабул қилингани ҳақида гап йўқ. Лойиҳа муҳокамаси давомида аҳоли ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириши мумкин.

Транспорт вазирлиги фуқаролар ҳужжат лойиҳаси билан 19-сентябрга қадар танишиб, таклифларини юбориши мумкинлигини маълум қилди. Келиб тушган фикрлар якуний қарорни тайёрлашда инобатга олинади.

Teglar

Mavzuga oid