
Тупроқ деградацияси миллий хавф даражасига чиқмоқда
Ер ресурсларининг таназзули экология муаммосидан чиқиб, озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланишга таҳдидга айланмоқда. Бу ҳақда «Она Ер нидоси» ҳужжатли филми суратга олинди.

Тупроқ деградацияси бугунги кунда инсоният олдида турган энг жиддий экологик муаммолардан бири ҳисобланади. Халқаро баҳолашларга кўра, дунё қуруқлик ҳудудларининг қарийб 40 фоизи турли даражада таназзулга учраган бўлиб, бу ҳолат 3,2 миллиард нафар инсон ҳаётига бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Марказий Осиё минтақасида ер майдонларининг тахминан 37 фоизи деградацияга учраган. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 26 фоизни ташкил этади.
Ушбу муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, FAO’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда «Zamin Foundation» кўмагида «Она Ер нидоси» номли ҳужжатли филм суратга олинди. Картина тупроқ деградациясининг инсон ҳаёти ва иқтисодиётга таъсирини очиб беришга қаратилган.
Филм илк бор жорий йил 4 декабр куни FAO’нинг Италиядаги бош қароргоҳида намойиш этилди. Кейинчалик унинг тақдимоти Ўзбекистонда — Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Давлат аграр университетида бўлиб ўтди. Тақдимотлар давомида талабалар ва мутахассислар иштирокида муҳокамалар ўтказилди.
“Zamin” фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева талабалар билан мулоқотда тупроқ деградацияси минтақанинг озиқ-овқат хавфсизлиги учун узоқ муддатли хавф эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу муаммони ечиш учун илмий ёндашув, инновацион агротехнологиялар ва жамоатчилик онгини ошириш муҳим аҳамиятга эга.
Филмда фермерлар, агрономлар ва олимларнинг кундалик меҳнати орқали ер ресурсларини асраш масаласи ёритилиб, тупроқ билан боғлиқ муаммоларни кечиктирмасдан ҳал этиш зарурлигига урғу берилган.





