
Туркий давлатлар Рамазон ойининг бошланиши ва ҳайит санаси бўйича қўшма қарор қабул қилди
Самарқандда бўлиб ўтган йиғилишда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгаши ҳузуридаги Фатво қўмитаси Рамазон ойининг бошланиши ва Рамазон ҳайити байрами саналарини қўшма тарзда белгилади.

Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо мамлакатлар мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгаши ҳузуридаги Фатво қўмитаси Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишида 2026 йил (1447 ҳижрий) учун Рамазон ойининг бошланиши ва Рамазон ҳайити байрами саналарини қўшма тарзда белгилади.
Қўмита қарорига кўра, 2026 йилда Рамазон ойининг биринчи куни пайшанба, 19 феврал кунига тўғри келади, Ийд ал-Фитр эса жума, 20 март куни нишонланади.
«Рамазон ойининг бошланиши ва Ийд ал-Фитр саналари бўйича қабул қилинган ушбу қўшма қарор туркий давлатларнинг ўз мусулмон жамоалари ўртасида бирдамликни мустаҳкамлаш, шунингдек, диний амалларни замонавий илмий хулосалар билан уйғун ҳолда сақлаб қолишга бўлган садоқатини яна бир бор тасдиқлайди», – дейилади ТДТ баёнотида.
Маълумот учун, Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари Мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгаши ҳузуридаги Фатво ҳайъатининг маслаҳат йиғилиши 2026 йил 2-4 феврал кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлигида ташкил этилиб, ташкилотга аъзо мамлакатлар диний идоралари вакиллари ва ислом уламолари иштирокида ўтказилди.
Ушбу Фатво ҳайъатига ТДТ аъзо мамлакатлар ва расмий мусулмон диний идоралари фаолият юритаётган кузатувчи давлатлар муфтиятлари вакиллари киради. Булар: Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар – Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва ТДТ кузатувчи давлатлари Туркманистон ва Венгрия.