Туркманистон собиқ президентининг самолёти АҚШда шикастланди

23.02.2026 | 09:331 daqiqa

Флоридага ташриф чоғида Туркманистон расмий самолёти техник нуқсон билан қўнгани маълум бўлди.

Туркманистон собиқ президентининг самолёти АҚШда шикастланди

Туркманистон Халқ маслаҳати раиси ва мамлакатнинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг расмий самолёти АҚШда шикастлангани маълум бўлди. Бу ҳақда «Turkmen news» нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, Бердимуҳамедов 16–18 феврал кунлари Флорида штатида ташриф билан бўлган. Давлат оммавий ахборот воситалари сафар дастури тафсилотларини очиқламаган. Фақат ташриф икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш учун янги имкониятлар очиши мумкинлиги таъкидланган.

Шикастланган самолёт

Расмий делегация Форт-Лодердейл халқаро аэропортига Boeing-777 русумли, EZ-A780 борт рақамли самолётда етиб келган. Маҳаллий блогер ва журналистлар томонидан олинган видеоларда лайнернинг горизонтал стабилизатори шикастлангани маълум бўлган. Бу ҳолат парвоз хавфсизлигига таъсир қилган-қилмагани ҳақида маълумот йўқ.

Бердимуҳамедов ортидан Ашхободдан яна бир ҳукуматга қарашли Boeing-737 (EZ-A700) самолёти учиб келган. У йўлда Шотландиянинг Глазго шаҳрида қисқа муддат ёнилғи қуйиш учун тўхтаган. Кейин самолёт Форт-Лодердейлда тахминан тўрт соат туриб, Германиянинг Мюнхен шаҳри орқали Ашхободга қайтган.

Бердимуҳамедов ва Трамп учрашуви тасдиқланмаган

Бердимуҳамедовнинг Флоридадаги учрашувлари ва музокаралари мазмуни ҳозирча очиқланмаган. Эътиборли жиҳати шундаки, аэропортдан тахминан 45 дақиқа масофада АҚШ президенти Доналд Трампнинг «Mar-a-Lago» хусусий қароргоҳи жойлашган. Бироқ икки томон ўртасида учрашув бўлгани тасдиқланмаган.

Teglar

Mavzuga oid