«Туркманистон – Хоразм – Қорақалпоғистон – Қозоғистон» йўналишида туристик ҳалқа йўли ишлаб чиқилди
20.08.2025 | 21:203 daqiqa
Янги туристик ҳалқа йўли гастрономик, этно, эко ва зиёрат туризмини уйғунлаштириб, 15 дан ортиқ тарихий-маданий объектларни ўз ичига олади.

Президент фармони асосида Туркманистон — Хоразм — Қорақалпоғистон — Қозоғистон йўналиши бўйлаб туристик йўлак-ҳалқа ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, йўналишда сайёҳлар қуйидаги туризм турлари билан танишиш имкониятига эга бўлади:
Гастрономик туризм – ҳар бир минтақанинг миллий таомлари билан танишиш;
Экотуризм – табиий гўзалликлар ва ландшафтлар бағрида дам олиш;
Этнотуризм – халқ урф-одатлари, анъаналари ва ҳунармандчилик намуналари билан танишиш;
Зиёрат туризми – муқаддас қадамжолар ва тарихий-маънавий обидаларни зиёрат қилиш.
Йўналиш доирасида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳамда миллий ва минтақавий аҳамиятга эга 15 дан ортиқ объект қамраб олинган. Жумладан:
— Туркманистонда - Қадимги Марв шаҳри, Дарвоза газ кратери, Кўхна Урганч;
— Хоразмда - Ичан қалъа, Душан қалъа;
— Қорақалпоғистонда - И.В. Савитский музейи, Қизил қалъа, Чилпиқ қалъа, Султон Увайс Бобо зиёратгоҳи, Тупроқ қалъа, Аёз қалъа;
— Қозоғистонда - Ториш водийси, Бўзжира водийси, Шақпақ Ота мақбараси, Шерқалъа тоғи.
«Бу туристик ҳалқа нафақат саёҳат ихлосмандлари, балки маданият, тарих, санъат ва табиатни севувчилар учун ҳам чинакам кашфиёт бўлиши мумкин», - дейилади хабарда.
Сайёҳлар ва туристик ташкилотларга мазкур йўналиш бўйича мустақил равишда ёки туристик гуруҳлар таркибида саёҳатларни ташкил этиш тавсия этилган.





