Украинада 15 майгача сайлов ва тинчлик битими бўйича референдум ўтиши мумкин
Вашингтон Киевдан президент сайловлари ва эҳтимолий тинчлик келишуви бўйича референдумни 15 майгача ўтказишни талаб қилгани айтиламоқда.

«Financial Times» манбаларига кўра, АҚШ Украинадан Россия билан ҳар қандай тинчлик келишуви юзасидан референдумни президент сайловлари билан бир вақтда, 15 майгача ўтказишни сўраган. Агар овоз бериш белгиланган муддатда ўтказилмаса, Киев Вашингтон таклиф этган хавфсизлик кафолатларидан маҳрум бўлиши мумкин.
Нашр маълумотларига кўра, Украина ҳукумати овоз бериш жараёнига тайёргарликни бошлаган. Ғарб ва украин расмийлари бу қарор «Оқ уйнинг кучли босими» ортидан қабул қилинганини таъкидлаган. Вашингтон баҳорга қадар Россия–Украина музокараларини якунлашни истамоқда.
FT хабарига кўра, Украина раҳбари Володимир Зеленский 24 феврал куни, ҳарбий ҳаракатлар бошланганининг тўртинчи йиллигида, сайлов ва референдум ўтказилишини эълон қилиши мумкин.
Сиёсий босим ва муддат
Манбаларнинг айтишича, Киев Америка маъмуриятига «жуда қисқа муддатлар»га тайёр эканини билдирган. Бу уруш шароитида сайлов ўтказиш билан боғлиқ логистик муаммоларга қарамасдан амалга оширилиши мумкинлиги қайд этилган.
«Украиналикларда бу жараён Зеленскийнинг қайта сайланиши билан боғлиқ бўлиши керак, деган қатъий тушунча шаклланган», деган ўз номини ошкор этмаган ғарб амалдорларидан бири.
Украинада сўнгги президент сайловлари 2019 йилда ўтказилган. Навбатдаги овоз бериш 2024 йил март ойида бўлиши керак эди, аммо амалдаги ҳарбий ҳолат сабабли номаълум муддатга қолдирилган.
2025 йил декабрь ойида Володимир Зеленский АҚШ ва Европа хавфсизликни таъминласа, 60–90 кун ичида сайлов ўтказишга тайёр эканини билдирган эди.
Сайловлар ва референдумни қисқа муддатда ташкил этиш нафақат сиёсий, балки техник ва хавфсизлик жиҳатидан ҳам катта чақириқ бўлиши мумкин. Бу қарор Украина ички сиёсий жараёнлари ва халқаро музокараларга сезиларли таъсир кўрсатиши кутилмоқда.





