Logo

Урганч — Хива пулли йўлида айрим автомобиллар учун йўл ҳақи пасайтирилди

Kecha 23:002 daqiqa

Урганч — Хива пулли автомобиль йўлидан фойдаланиш тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди.

Урганч — Хива пулли йўлида айрим автомобиллар учун йўл ҳақи пасайтирилди © Foto: president.uz

Транспорт вазирлиги Урганч — Хива пулли автомобиль йўлидан фойдаланиш тартибини белгилайдиган вақтинчалик низомни тасдиқлади. Ҳужжат 30 сентябрь куни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиб, Lex.uz сайтида эълон қилинди.

Низом янги трассада ҳаракатни ташкил этиш, йўлдан фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш, тарифларни белгилаш ва тўловларни ундириш тартибини белгилайди. Ҳужжат лойиҳаси сентябр ўртасида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди. Якуний ҳужжатдаги энг муҳим ўзгариш енгил автомобиллар ва мотоцикллар учун тарифнинг пасайтирилганидир. Бутун Урганч — Хива йўналишидан фойдаланиш учун энди БҲМнинг 4 фоизи, яъни 17 600 сўм тўланади. Дастлаб 6 фоиз, яъни 26 400 сўм тариф таклиф қилинган эди.

Нархлар:

rasm



Тўлов қандай амалга оширилади?

Ҳайдовчилар йўл ҳақини бир неча усулда тўлаши мумкин. Хусусан, оператор тизимида шахсий электрон ҳисоб очиб, унга маблағ киритиш ва йўлдан фойдаланилганда тўловни автоматик равишда ечиб бориш мумкин.

Шунингдек, йўлга кириш жойларидаги махсус тўлов шохобчалари орқали ҳақ тўлаш ёки йўл талонини сотиб олиш имконияти ҳам мавжуд. Тарифлар, тўлов усуллари, ҳаракатланиш шартлари ва муқобил бепул йўналишлар ҳақидаги маълумотлар йўлга кириш жойларида, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинади.

Йўл ҳақи шлагбаумлар орқали ёки уларсиз, автомобиль давлат рақамини автоматик аниқлаш ва ўқиш тизими ёрдамида ундирилиши мумкин. Рақамни яшириш, сунъий ўзгартириш ёки камера уни ўқишига халақит бериш тақиқланади.

Агар ҳайдовчининг электрон ҳисобида маблағ бўлмаса, оператор унга тўлов ҳақида билдиришнома юборади. Унда автомобиль рақами, йўлдан фойдаланилган сана ва вақт, қарз миқдори ҳамда тўлов усуллари кўрсатилади. Билдиришнома юборилганидан кейин беш иш куни ичида қарз тўланиши керак.

Қайси машиналар киролмайди?

Белгиланган муддатда тўлов амалга оширилмаса, оператор қарзни ундириш учун судга мурожаат қилиши мумкин. Кейин иш Мажбурий ижро бюросига юборилиши, транспорт воситасини техник кўрикдан ўтказиш, сотиш ёки бошқа шахсга ўтказишга чеклов қўйилиши мумкин.

Пулли йўлда меъёрдан ортиқ габарит ёки вазнга эга транспорт воситалари, қишлоқ хўжалиги ва махсус техникалар, велосипедлар ҳаракатлана олмайди. Двигатели 25 куб сантиметрдан кичик ёки қуввати 0,25 кВтдан паст мопед ва скутерларга ҳам йўл ёпиқ.

Бундан ташқари, ушбу трассада транспорт воситаларини шатакка олиш ва хавфли юкларни ташишга рухсат берилмайди. Оператор йўл ишга тушишидан олдин трассанинг техник тайёрлиги, тўлов тизими ва ахборот таблоларининг ишлашини таъминлаши шарт.

Teglar

Mavzuga oid