Урганч–Хива пуллик йўли қурилиши бошланди

24.02.2026 | 14:552 daqiqa

120 миллион долларлик Урганч–Хива пуллик йўли ишга тушганидан сўнг, сафар вақти 17 дақиқани ташкил этиши кутилмоқда.

Урганч–Хива пуллик йўли қурилиши бошланди

Ўзбекистондаги илк пуллик автомагистрал — Урганч–Хива йўналишидаги 35 километрли йўл қурилиши расман бошланди. 120 миллион доллар қийматга эга лойиҳа мамлакат транспорт инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалининг репортажида маълум қилинди.

35 километрли тўрт тасмали йўл доирасида 17 та кўприк, 8 та йўл ўтказгич, 1 та туннел ва 5 та махсус ўтиш жойи, шунингдек коммуникация тармоқлари барпо этилади. Йўлнинг ўтказувчанлик қобилияти кунига 20 мингдан ортиқ транспорт воситасини ташкил этиши кутилмоқда. Янги йўл халқаро стандартлар асосида барпо этилмоқда ва асфалт-бетон қопламасига эга бўлади.

Лойиҳани ташкиллаштириш жараёни

Хоразм вилояти автомобил йўллари бошқармаси бошлиғи Дилшодбек Ниязметовнинг маълум қилишича, лойиҳа бешта участкага бўлинган бўлиб, бир нечта пудрат ташкилотлари жалб этилган. Қурилиш жараёни халқаро маслаҳатчилар ва махсус лабораториялар томонидан назорат қилинмоқда. Ишларга мингдан ортиқ техника ва кўплаб мутахассислар сафарбар этилган.

Лойиҳа доирасида 17 та кўприк, 8 та йўл ўтказгич, 1 та туннел ва 5 та махсус ўтиш жойи барпо этилади. Шунингдек, алоқа тармоқлари ва муҳандислик инфратузилмаси қурилади.

Сунъий интеллект асосли қурилмалар

Халқаро «Temelsu» консалтинг компанияси муҳандиси Булент Байирнинг таъкидлашича, йўлда сунъий интеллект асосида ишлайдиган рақамли қурилмалар ўрнатилади. Улар транспорт тури ва оғирлигини автоматик аниқлаб, ҳаракат оқимини самарали бошқариш имконини беради. Йўл конструкциясининг умумий қалинлиги 87 сантиметрни ташкил этиб, иқлим шароитига чидамли янги авлод материаллари қўлланилади.

«Road Project Bureau» МЧЖ директори Ғулом Зоҳидовга кўра, магистрал фойдаланишга топширилгач, ҳозир бир соатгача давом этадиган масофани 17 дақиқада босиб ўтиш мумкин бўлади. Йўл бўйлаб хизмат кўрсатиш пунктлари, замонавий дренаж тизими, пиёдалар ўтиш жойлари ҳамда атроф-муҳит ва аҳоли хавфсизлигини таъминловчи иншоотлар ҳам назарда тутилган.

Teglar

Mavzuga oid