Уй-жой таъмири, контракт ва тиббий ёрдам: aёллар учун ижтимоий имтиёзлар кенгайтирилди — ҳукумат қарори
28.07.2025 | 14:009 daqiqa
Камбағал оиладаги хотин-қизлар энди уйларини таъмирлаш учун 20 млн 600 минг сўмгача бепул ёрдам олиши мумкин. Шунингдек, аёллар учун ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш учун грант ажратиш, ОТМ тўлов контрактларини тўлаш ҳамда тиббий амалиёт харажатларини қоплаб бериш ҳам кўзда тутилган.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2025 йил 23 июлда «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Саховат ва кўмак» жамғармалари маблағлари ҳисобидан ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга доир қарор қабул қилинди. Ушбу ҳужжат билан «Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Кимларга ёрдам берилади?
Қарорга мувофиқ, жамғармаларнинг молиявий ёрдами ойлик даромади ҳар бир оила аъзосига меъёрий истеъмол харажатларининг икки баробаридан ошмайдиганларга тақдим этилади. Бу ёрдам ижтимоий эҳтиёжларга қараб — фуқароларга уй-жой шароитини яхшилаш ва соғлиғини сақлаш йўналишларида кўрсатилади.
Ёрдам вилоятлар ва туманлар кесимида аҳолининг сони, ногиронлиги бўлган фуқаролар ва кам таъминланган оилалар улушидан келиб чиқиб тақсимланади.
Яна қандай имтиёзлар берилади?
- Турар жой ижараси учун компенсация тўлаш;
- Ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш учун грант ажратиш;
- Тўлов контрактларини тўлаш;
- Тиббий амалиёт харажатларини қоплаб бериш;
- Бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш;
- Ер участкаларини аукционда сотиб олиш харажатларини қоплаб бериш кўзда тутилган.
- Жарроҳлик амалиётисиз даволаниш. Бунда БҲМнинг 50 бараваригача ёрдам берилади.
- Жарроҳлик амалиёти учун ёрдам. Бунда Давлат тиббий суғурта жамғармаси томонидан қопланиши белгиланган базавий нархлар белгиланган.





