UzAuto Motors 2025-йил камроқ даромад олсада, кўпроқ фойда кўрди. Нима учун?
Компания 2025-йил учун молиявий ҳисоботини эълон қилди. Йил давомида даромад 3,7 фоиз камайиб, 4,7 млрд долларга етди. Соф фойда эса 7,8 фоизга ўсиб, 339,6 млн долларни ташкил қилди.

Ўзбекистондаги йирик автомобил ишлаб чиқарувчиси UzAuto Motors 2025-йил халқаро стандартларга асосланган молиявий ҳисоботини тақдим қилди.
Компания даромади 2025-йил давомида 3,7 фоизга пасайиб, 4,1 млрд долларни ташкил қилди. Шунга қарамай, соф фойда 24,7 млн долларга ёки 7,8 фоизга ўсди ва 339,6 млн долларга етди.
Шунингдек, UzAuto Motors ялпи фойдаси 21 фоизга пасайиб, 459,7 млн долларгача тушган. Операцион фойда эса 23,7 фоизлик пасайиш қайд этиб, 292,5 млн долларни ташкил қилмоқда.
Автоконцерн 2025-йил давомида 898,9 млрд сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланган. Тўланган солиқлар эса 2 трлн сўм бўлди.
Нега соф фойда ошди?
UzAuto Motors даромади ва бошқа кўрсаткичлари пасайсада, фойдаси ошишига қисман 2025-йил давомида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан мустаҳкамлангани сабаб бўлди.
2024-йилда компания валюта курси алмашинувида 25,6 млн доллар зарар кўрганди. Айнан ўша йил сўм курси долларга нисбатан 4,6 фоизга қадрсизланганди.
Ўтган йилда эса миллий валюта курси узоқ вақтдан бери илк марта долларга нисбатан мустаҳкамланди — 6,8 фоизга.
Натижада UzAuto Motors валюта курси алмашинувидан зарарни фойдага айлантирди ва 62,6 млн доллар даромад олди. Бу эса соф фойданинг 2024-йилга нисбатан ўсишига катта ёрдам берди.
I чоракда молиявий кўрсаткичлар қандай бўлди?
UzAuto Motors 2025-йил давомида фойдасини оширган бўлсада, 2026-йилда фойда йўқотишидан қутула олмади.
Компания соф фойдаси уч ой ичида 648,3 млрд сўмни ташкил қилди. Бу 2025-йилнинг мос давридаги фойда — 771,9 млрд сўмдан 16 фоизга камроқ.
Шунга қарамай, 2025-йилдан фарқли равишда автоконцерн даромадлари 12,2 фоизга ошиб, 10,88 трлн сўмга етди. 2025-йил I чорагида даромад 9,7 трлн сўм эди.
Сотиш ва фоизли харажатлар кескин ошиши фойданинг камайишига сабаб бўлди. Сотиш харажатлари 349,4 млрд сўмдан 1 трлн сўмгача 3 баробар ошган. Бу UzAuto Motors маркетинг учун кўпроқ пул сарфлаётганини билдиради.
Солиштирилаётган даврда компания активлари 32,2 трлн сўмдан 34 трлн сўмга ўсди. Уч ой ичида автомобил ишлаб чиқарувчиси активлари 1,8 трлн сўмга кўпайган. Устав капитали эса 3,2 трлн сўм кўринишида сақланиб қолган.
Компания ҳисобот даврида 157,3 млрд сўмлик фойда солиғи ҳам тўлаган. Бу ўтган йилга нисбатан 8,3 фоизга ёки 12,5 млрд сўмга кўпроқ.
Бозор йўқотилмоқда
Фойда камайиши фонида 2026-йилдан бошлаб UzAuto Motors автомобиллари сотувининг бозордаги улуши сезиларли пасаймоқда.
Январь–апрель ойларида сотилган автомобиллар сонида UzAuto Motors улуши биринчи марта 50 фоиздан пастга тушиб, 47,8 фоизни ташкил қилди.
Таққослаш учун, бундан икки йил аввал автомобил ишлаб чиқарувчисининг улуши 90 фоиз атрофида эди. Бу даражада юқори пасайиш кўпроқ Khorezm Auto’да ишлаб чиқариш кўпайиши ҳисобига бўлди.
Damas ва Labo айнан Хоразмда ишлаб чиқарилади. Бироқ, Khorezm Auto’нинг улуши билан ҳам UzAuto Motors улуши ҳозирда 77,8 фоизни ташкил қилган бўларди.
Автоконцерн улуши пасайишига BYD, KIA, Haval ва Chery каби брендлар остида автомобиллар савдоси кўпайгани сабаб бўлди.
Teglar
