UzAuto Motors: «Cobalt» тормоз тизимида носозлик ҳақидаги хабарлар асоссиз

26.10.2025 | 08:541 daqiqa

UzAuto Motors АЖ 2025 йилда ишлаб чиқарилган Cobalt автомобили тормоз тизимидаги гўёки носозликлар ҳақида тарқалган хабарларни рад этди.

UzAuto Motors: «Cobalt» тормоз тизимида носозлик ҳақидаги хабарлар асоссиз

Айрим Telegram каналларида 2025 йилда ишлаб чиқарилган Cobalt автомобилида тормоз тизими ишламай қолгани ва Нукус шаҳрида шу сабабли йўл-транспорт ҳодисаси юз бергани ҳақидаги видео ва фотоматериаллар тарқалди. UzAuto Motors АЖ бу маълумотларни расман инкор этди.

Компания баёнотида таъкидланишича, Cobalt моделидаги автомобиллар бўйича тормоз тизимидаги носозлик ҳақида ҳеч қандай шикоят қайд этилмаган.

«Ҳар бир автомобиль ишлаб чиқаришнинг барча босқичларида кўп даражали сифат назоратидан ўтади. Тормоз тизими, хусусан, ишлаб чиқариш жараёнида вакуум орқали синовдан ўтказилади, автоматик равишда ва назорат остида тормоз суюқлиги қуйилади», — дейилади баёнотда.

UzAuto Motors маълумотига кўра, тормоз тизимидаги блокланишга қарши модуль (ABS) ва электр боғланишларининг ишлаши статик ҳолда текширилади, сўнгра DVT (Dynamic Vehicle Test) босқичида айланувчи стендда ҳаракатлантирилиб, реал шароитга яқин муҳитда синовдан ўтказилади.

Компаниянинг таъкидлашича, у шундай турдаги хабарларни диққат билан кузатиб боради ва фойдаланувчиларни текширилмаган маълумотларни тарқатмасликка ҳамда жамоатчиликни чалғитмасликка чақиради.

Йўл-транспорт ҳодисасининг аниқ сабабларига Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан аниқлик киритилиши маълум қилинди.

Teglar

Mavzuga oid