UzAuto Motors фойдаси 2026-йилда пасаймоқда
Йилнинг дастлабки чорагида UzAuto Motors ўтган йилга нисбатан 16 фоизга камроқ фойда олди. Компаниянинг бозордаги улуши ҳам камайиб бормоқда.

Ўзбекистондаги йирик автомобил ишлаб чиқарувчиси UzAuto Motors 2026-йил I чорак учун молиявий ҳисоботини эълон қилди.
Ҳисоботда қайд этилишича, компания соф фойдаси уч ой ичида 648,3 млрд сўмни ташкил қилди. Бу 2025-йилнинг мос давридаги фойда — 771,9 млрд сўмдан 16 фоизга камроқ.
Шунга қарамай, автоконцерн даромадлари 12,2 фоизга ошиб, 10,88 трлн сўмга етди. 2025-йил I чорагида даромад 9,7 млрд сўм эди.
Сотиш ва фоизли харажатлар кескин ошиши фойданинг камайишига сабаб бўлди. Сотиш харажатлари 349,4 млрд сўмдан 1 трлн сўмгача 3 баробар ошган. Бу UzAuto Motors маркетинг учун кўпроқ пул сарфлаётганини билдиради.
Солиштирилаётган даврда компания активлари 32,2 трлн сўмдан 34 трлн сўмга ўсди. Уч ой ичида автомобил ишлаб чиқарувчиси активлари 1,8 трлн сўмга кўпайган. Устав капитали эса 3,2 трлн сўм кўринишида сақланиб қолган.
Компания ҳисобот даврида 157,3 млрд сўмлик фойда солиғи ҳам тўлаган. Бу ўтган йилга нисбатан 8,3 фоизга ёки 12,5 млрд сўмга кўпроқ.
Бозордаги улуш ҳам камаймоқда
I чоракда UzAuto Motors Ўзбекистонда 45 881 дона автомобил сотишга муваффақ бўлди. Бу 2025-йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 5 мингтага кўп.

Бироқ, компаниянинг мамлакат автомобил бозоридаги улуши 54,3 фоиздан 50,4 фоизгача пасайган. Автоконцерн кўпроқ автомобил сотаётган бўлсада, бошқа ишлаб чиқарувчиларда ўсиш бундан юқорироқ бўлмоқда.
Брендлар бўйича солиштирилса, KIA, BYD ва Haval каби автомобил брендлари ўзбекистонликлар орасида тезроқ оммалашмоқда.
Шунингдек, нафақат UzAuto Motors, балки Ўзбекистондаги энг оммабоп модел — Cobalt сотуви 2025 йилга нисбатан кескин тушиб кетган — 29 мингтадан 24 мингтага.
Компания 28 апрель куни янги моделдаги Cobalt учун шартномалар қабул қилишни очганди. 1 май куни ҳам uzavtosavdo.uz орқали янги Cobalt учун шартнома тузиш имконияти бор.
Аввалги йилларда UzAuto Motors томонидан Cobalt ва Lacetti каби оммабоп брендлар учун шартнома очилса, бу одатда ўша куннинг ўзидаёқ тугаб кетарди.





