add

«Валдай» ҳақидаги айблов Россиянинг навбатдаги уйдирмаси — Украина ТИВ

Kecha 20:582 daqiqa

Украина ТИВ Россиянинг Путин қароргоҳига дронлар ҳужум ҳақидаги даъволарига ҳеч қандай далил йўқлигини айтиб, бу айбловлар тинчлик жараёнини издан чиқаришга қаратилганини билдирди.

«Валдай» ҳақидаги айблов Россиянинг навбатдаги уйдирмаси — Украина ТИВ

Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Россия томонининг Путиннинг Валдайдаги қароргоҳига дронлар билан ҳужум қилингани ҳақидаги даъволарини қатъий рад этди. Унинг таъкидлашича, Москва бу айбловларни тасдиқлайдиган бирорта ҳам ишончли далил тақдим этмаган ва тақдим эта олмайди.

Сибига ўз баёнотида айтишича, айбловлар эълон қилинганига деярли бир сутка ўтган бўлса-да, Россия ҳанузгача ҳеч қандай факт ёки исбот келтирмаган. «Бунинг сабаби оддий — бундай ҳужум бўлмаган», деди у.

Украина ТИВ раҳбари, шу билан бирга, айрим давлатларнинг Россия баёнотларига муносабат билдирганига эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, Украинада айрим мамлакатларнинг гўёки «Валдайга ҳужум» бўйича хавотир билдиргани тушунмовчилик ва ташвиш уйғотган. Айниқса, Россия ракетаси 2025 йил 7 сентябрда Украина ҳукумати биносига ҳақиқий зарба берганида, ушбу давлатлар расмий баёнот бермагани қайд этилди.

Сибига Россиянинг ёлғон ахборот тарқатишда узоқ йиллик «тажриба»га эга эканини таъкидлаб, бу унинг ташқи сиёсий услубига айланганини билдирди. У Россия 2022 йил бошида Украинага ҳужум қилмаслигини айтганини, кейин эса аксинча бўлганини эслатди. Шунингдек, Москва кўпинча ўз режаларини яшириш учун бошқаларни айблаш усулидан фойдаланишини айтди.

Украина ТИВ раҳбарига кўра, асоссиз ва текширилмаган айбловларга муносабат билдириш Россия пропагандасига хизмат қилади ва Москвага ёлғон ҳамда зўравонликни давом эттириш учун қўшимча имконият яратади. Шу сабаб у барча давлатларни масъулият билан ҳаракат қилишга ва тасдиқланмаган даъволарга муносабат билдиришдан тийилишга чақирди.

Сибига фикрича, бундай баёнотлар сўнгги пайтларда илгарилаётган конструктив тинчлик жараёнига путур етказади ва уни издан чиқариш хавфини кучайтиради.

Teglar

Mavzuga oid