«Wolt» етказиб бериш хизмати Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатмоқда

25.02.2026 | 12:331 daqiqa

Компания барқарор бизнес юритишдаги қийинчиликлари сабаб жорий йил 5 мартдан хизматни тўлиқ тўхтатади.

«Wolt» етказиб бериш хизмати Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатмоқда

Финландиянинг етказиб бериш сервиси «Wolt» 2026 йил 5 мартдан бошлаб Ўзбекистондаги фаолиятини тўлиқ якунлайди. Бу ҳақда компания ўз мобил иловаси ва расмий сайти орқали маълум қилди.

Компания баёнотига кўра, 5 мартдан бошлаб илова ёки сайт орқали янги буюртмалар қабул қилинмайди. 4 мартга қадар эса сервис одатдаги тартибда ишлайди ва фойдаланувчилар етказиб бериш хизматига мурожаат қилишда давом этиши мумкин.

«Биз Ўзбекистонда хизматимиз фаолиятини тўлиқ тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилдик. Бу хабар сиз учун нохуш ёки ноқулай бўлиши мумкинлигини тушунамиз. Кундалик ҳаётингизнинг бир қисми бўлиш биз учун муҳим эди ва «Wolt»ни танлаганингиз учун сиздан миннатдормиз», — дейилади хабарда.

Компания фаолият тўхтатилганидан кейин ҳам мижозларни қўллаб-қувватлаш хизмати ишлашини маълум қилди. У қайтаримлар, бонус ва кредитлар, шунингдек аввал расмийлаштирилган буюртмалар бўйича масалаларни ҳал қилишда давом этади.

Қарорнинг асосий сабаби

Қарор бозор шароитлари ва барқарор бизнес юритиш имкониятлари билан боғлиқ қийинчиликлар билан изоҳланган. Компания маълумотига кўра, амалдаги бизнес-модел операцион ва иқтисодий босимларга дуч келган.

Шу муносабат билан инвестиция сиёсати қайта кўриб чиқилган ва узоқ муддатли барқарор ўсиш салоҳияти юқори бўлган бозорларга эътибор қаратишга қарор қилинган.

Маълумот учун, «Wolt» Финландия компанияси ҳисобланади. У Ўзбекистон бозорига 2024 йил сентябр ойида кириб келган эди.

Teglar

Mavzuga oid