Хитой Ўзбекистонга қирувчи самолётлар етказиб берганини тасдиқлади
Ўзбекистон дунёда Покистондан кейин «J-10CE» самолётларидан фойдаланувчи иккинчи хорижий давлатга айланди.

Хитой Ўзбекистонга «J-10CE» кўп мақсадли қирувчи самолётларини етказиб берганини расман тасдиқлади. Бу ҳақда «Sina» нашри хабар берди.
24 сентябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ХХР Мудофаа вазирлиги вакили Сзян Бин икки давлат ўртасидаги ҳарбий алоқалар ҳақидаги саволга жавоб берган.
Унинг таъкидлашича, Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик халқаро ҳуқуқ нормалари доирасида ривожланмоқда ва учинчи давлатларга қарши қаратилмаган.
Шу тариқа, Ўзбекистон Покистондан кейин «J-10CE» қирувчи самолётларидан фойдаланувчи иккинчи хорижий давлатга айланди.
Ўзбекистон «J-10CE»ларни қачон намойиш қилган?
Ўзбекистонда «J-10CE» самолётлари илк бор 30 август куни расмий видеолавҳаларда намойиш этилган. Мудофаа вазирлиги самолётларнинг русумини айтмаган, уларни «ҳаво сарҳадларимизни қўриқлаётган замонавий қирувчи самолётлар» деб таърифлаган.
Аввалроқ, айрим мудофаа нашрлари Ўзбекистон учун 24 та «J-10CE» бўйича келишув тузилганини ёзган. Бироқ бу рақам ҳозирча Ўзбекистон ҳукумати ёки Хитой Мудофаа вазирлиги томонидан расман эълон қилинмаган.
Авиапаркни янгилаш зарурати ва муқобил вариантлар
Мазкур харид Ўзбекистон ҳарбий ҳаво кучларининг жанговар авиация паркини янгилаш зарурати билан изоҳланмоқда.
Бундан аввал Ўзбекистон Россиянинг «Su-30SM» кўп мақсадли қирувчиларига қизиқиш билдирган. 2017 йилда Тошкент делегацияси Иркутск авиация заводида ушбу самолётлар ишлаб чиқарилиши билан танишган.




