Хитойда блогер ва инфлюенсерлар учун янги қоида: дипломсизлар чиқиб гапирмасин

27.10.2025 | 16:001 daqiqa

Хитой ҳукумати тиббиёт, молия, ҳуқуқ ёки таълим ҳақида фикр билдирувчи блогерлардан тегишли диплом ёки малака сертификатини талаб қиладиган янги қоидаларни жорий этди.

Хитойда блогер ва инфлюенсерлар учун янги қоида: дипломсизлар чиқиб гапирмасин

Хитой ҳукумати мамлакатда инфлюенсерлар ва контент яратувчилар фаолиятини қатъий назорат қилишга киришди. Янги қоидага кўра, тиббиёт, молия, ҳуқуқ, таълим ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларда фикр билдирувчи блогерлар мос маълумот ёки расмий сертификатга эга бўлиши керак, деб ёзмоқда Finratings.kz.

Энди Douyin (TikTok’нинг хитойча талқини), Weibo ва бошқа йирик интернет-платформалар блогерлар дипломларини текшириш ва маълумотларнинг ҳаққонийлигини тасдиқлаш учун жавобгар ҳисобланади. Қоидабузарлик аниқланганда, улар аккаунтни блоклаш ёки фаолиятни вақтинча тўхтатиш билан бирга 100 мин юангача (тахминан 13 минг евро) жарима тўлашлари мумкин.

Расмийларга кўра, мазкур ташаббуснинг мақсади — интернетдаги дезинформацияни чеклаш ва контент сифатига назоратни кучайтириш. Бироқ бу қарор мамлакатда қизғин баҳсларга сабаб бўлди: айрим экспертлар уни фейк маълумотларга қарши самарали восита деб баҳоласа, бошқалар уни сўз эркинлиги ва мустақил блогингга таҳдид деб ҳисобламоқда.

Янги қоидаларнинг жорий этилиши билан Хитой интернет муҳитида касбий мавзуларда сўз юритиш ҳуқуқи фақат мутахассислар қўлида бўлади. Маҳаллий таҳлилчилар фикрича, бу қадам давлатнинг онлайн майдондаги ахборот оқимини тўлиқ назорат остига олиш йўлидаги навбатдаги босқичидир.

Teglar

Mavzuga oid