
Хизмат кўрсатиш ҳажми 1 квадриллион сўмдан ошди: етакчи ҳудуд ва йўналишлар қайсилар?
2025 йилда Ўзбекистонда хизматлар соҳасидаги деярли барча йўналишлар юқори ўсишни қайд этди.

2025 йил давомида Ўзбекистонда кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 1 квадриллион 50,3 трлн сўмни ташкил этди. Миллий статистика қўмитасига кўра, бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 14,7 фоизга юқори бўлиб, хизматлар соҳаси иқтисодиётдаги энг фаол тармоқлардан бири бўлиб қолмоқда.
Етакчи йўналишлар
Тармоқлар кесимида энг катта улушни савдо хизматлари эгаллаб, 2025 йилда улар ҳажми 187 трлн сўмга етди. Яшаш ва овқатланиш хизматлари 226,9 трлн сўмни ташкил этди.
Молиявий хизматлар ҳажми 171,9 трлн сўмгача ўсиб, йиллик ўсиш суръати 24,6 фоизни қайд этди. Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 79,5 трлн сўмга етиб, энг юқори ўсиш суръатларидан бирини намоён қилди.
Шунингдек, транспорт хизматлари 188,3 трлн сўмни ташкил этди, унинг салмоқли қисми автотранспорт ҳиссасига тўғри келди. Таълим, соғлиқни сақлаш, ижара, шахсий ва муҳандислик хизматларида ҳам барқарор ўсиш кузатилди.
Ҳудудлар кесимида кўрсаткичлар
2025 йилда хизматлар соҳасида кичик тадбиркорлик улуши республика бўйича 56,7 фоизга етди. Ҳажм жиҳатидан Тошкент шаҳри етакчи бўлиб, бу ерда 162,6 трлн сўмлик хизматлар кўрсатилди. Фарғона (54,3 трлн сўм), Тошкент вилояти (52,4 трлн сўм) ва Самарқанд вилояти (50,9 трлн сўм) ҳам юқори кўрсаткичларга эга ҳудудлар сифатида қайд этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Наманган, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида ҳам хизматлар соҳасида ўсиш суръатлари 112–116 фоиз оралиғида шаклланди.





