add

Янги давлат, янги можаро: Нетаняҳу Сомалилендни тан олди

Kecha 15:492 daqiqa

Нетаняҳунинг қарори минтақада кескин муносабатга сабаб бўлди. Сомали, Миср, Туркия ва Жибути расмийлари дарҳол телефон мулоқоти ўтказиб, Исроилнинг қарорига қарши эканини эълон қилди.

Янги давлат, янги можаро: Нетаняҳу Сомалилендни тан олди

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху Сомалилендни «мустақил ва суверен давлат» сифатида тан олинганини эълон қилди. Бу ҳақда Исроил ҳукумати раҳбари матбуот хизмати маълум қилди.

«Бош вазир бугун Сомалиленд Республикасини расман мустақил ва суверен давлат деб тан олинганини эълон қилди. Нетаняху, Исроил Ташқи ишлар вазири Гидеон Саар ва Сомалиленд Республикаси президенти (Абдураҳмон Муҳаммад Абдуллоҳий) қўшма декларацияни имзолади. Мазкур декларация АҚШ президенти (Доналд) Трамп ташаббуси билан имзоланган «Иброҳим келишувлари» руҳига мос келади», — дейилади баёнотда.

Ҳукумат девони, шунингдек, Исроил Сомалиленд Республикаси билан қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, технология ва иқтисодиёт соҳаларидаги кенг кўламли ҳамкорлик орқали алоқаларни зудлик билан мустаҳкамлашни режалаштираётганини қўшимча қилди.

Шу билан бирга, қарор халқаро майдонда кескин эътирозларга сабаб бўлди. Сомали, Миср, Туркия ва Жибути ташқи ишлар вазирлари Исроил томонидан Сомалиленднинг мустақил давлат сифатида тан олинишини кескин қоралади.

The Times of Israel нашрининг хабар беришича, бу ҳақда Миср Ташқи ишлар вазирлигининг расмий баёнотида маълум қилинган. Мазкур баёнот вазирлик раҳбарининг Сомали, Туркия ва Жибутилик ҳамкасблари билан ўтказган телефон мулоқотидан сўнг эълон қилинган.

«Вазирлар ушбу қарорни қоралаб, уни мутлақо қабул қилиб бўлмаслигини тасдиқлади. Шунингдек, улар Сомалининг бирлиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тўлиқ қўллаб-қувватлашларини таъкидлади», — дейилади Миср ТИВ баёнотида.

Маълумот ўрнида, Сомалиленд Сомалининг шимоли-ғарбида, Қизил денгиз соҳилида жойлашган бўлиб, 1991 йилда бир томонлама мустақиллик эълон қилган. Бироқ ҳозирга қадар у халқаро ҳамжамият томонидан давлат сифатида тан олинмаган эди.

Teglar

Mavzuga oid