Logo

Янги Тошкентда инвесторлар 20 йилгача солиқдан озод қилинади

Bugun 16:512 daqiqa

Махсус ҳуқуқий режим доирасида шаҳарсозлик лойиҳаларини амалга оширувчи юридик шахслар лойиҳа объектларини ижарага бериш ва сотишдан олинган фойда бўйича 1 фоизлик ставкада фойда солиғи тўлайди. Бу имтиёз тўғридан тўғри инвестициялар ҳажмига қараб белгиланади.

Янги Тошкентда инвесторлар 20 йилгача солиқдан озод қилинади © Foto: president.uz

Янги Тошкент шаҳрида инвестиция ҳажми камида 50 миллион долларни ташкил этадиган шаҳарсозлик лойиҳалари доирасида фойдаланиладиган объектлар бўйича юридик шахслар 20 йил муддатга мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод этилади. Бу бўйича президент 11-ноябр куни тегишли фармонни имзолади.

Фармонда айтилишича, унинг қабул қилинишидан асосий мақсад Янги Тошкент шаҳри ва ҳудудларда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги, туризм салоҳиятини ошириш учун қиймати 50 миллион доллар ва ундан ортиқ бўлган йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги маъмурий тўсиқлар ва бюрократик ғовларни тўлиқ бартараф этишдан иборат.

Айрим ҳудудларда (махсус ҳудудлар) шаҳарсозлик соҳасидаги йирик инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича «тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими (махсус ҳуқуқий режим) жорий этилиши белгиланди.

Шунингдек, бошқа махсус ҳудудларни барпо этишга масъул дирекцияларга ҳам қонунчилик ҳужжатларида Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекциясига берилган барча ваколатлар, имтиёзлар ва ҳуқуқлар татбиқ этилади. Жумладан, ушбу дирекциялар ҳудудларни ривожлантиришни режалаштиришга оид ҳужжатларга қўйиладиган талабларни мустақил белгилаш ва тасдиқлаш, ер участкаларини сотишда уларда қуриладиган объектларга нисбатан асосий талабларни мустақил белгилаш, шунингдек, ҳудуддаги ер участкаларини сотиш жараёнида ҳар бир лойиҳа учун алоҳида техник шартларни белгилаш ҳуқуқига эга бўлади.

Махсус ҳуқуқий режим доирасида шаҳарсозлик лойиҳаларини амалга оширувчи юридик шахслар лойиҳа объектларини ижарага бериш ва сотишдан олинган фойда бўйича 1 фоизлик ставкада фойда солиғи тўлайди. Бу имтиёз тўғридан тўғри инвестициялар ҳажмига қараб белгиланади. Хусусан, инвестициялар миқдори камида 50 миллион долларни ташкил этса, имтиёз 5 йил, 100 миллион доллар бўлса, 10 йил, 500 миллион доллар бўлса, 15 йил давомида амал қилади.

Шунингдек, инвестиция ҳажми камида 50 миллион доллар бўлган шаҳарсозлик лойиҳалари доирасида фойдаланиладиган объектлар бўйича юридик шахслар 20 йил давомида мол-мулк ва ер солиқларини тўлашдан озод этилади.

Бундан ташқари, шаҳарсозлик лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида бош пудратчи ва бош лойиҳа ташкилоти томонидан Ўзбекистонда фаолият юритмайдиган хорижий жисмоний ва юридик шахслардан сотиб олинадиган хизматлар қўшилган қиймат солиғидан (ҚҚС) озод этилади.

2040-йил 1-январга қадар инвесторлар (ташаббускорлар) томонидан шаҳарсозлик лойиҳаси доирасида олинган дивидендлар тарзидаги даромадлар Ўзбекистон ҳудудига қайта инвестиция қилинган тақдирда, бундай даромадлар солиқдан озод қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Янги Тошкент қурилишида Туркиянинг «OYAK» компанияси иштирок этиши мумкинлиги ҳақида ёзган эдик.

Teglar

Mavzuga oid