Яқин Шарқ уруши туфайли люкс брендлар инқирозга юз тутмоқда
Уруш оқибатида LVMH, «Kering» ва «Hermès» каби йирик брендлар сотувлари кескин пасайди.

Яқин Шарқдаги етти ҳафталик уруш глобал ҳашаматли маҳсулотлар бозорига жиддий зарба берди.
Соҳанинг етакчи компаниялари — LVMH, «Kering» ва «Hermès» биринчи чоракда сотувлар пасайганини эълон қилди.
«Bloomberg»нинг ёзишича, бунга асосий сабаб авиақатновлар қисқариши ва сайёҳлик сафарларининг бекор қилиниши бўлган.
Нашрнинг қайд этишича, Яқин Шарқлик харидорлар люкс сегментдаги энг йирик мижозлардан ҳисобланади. Улар нафақат Дубай каби марказларда, балки Европа шаҳарларида ҳам асосий истеъмолчилар саналади. Ушбу тоифадаги харидорлар фаоллигининг пасайиши бутун бозорга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Катта йўқотишлар
«Hermès International SCA» минтақадаги сотувлари 5,9 фоизга камайганини маълум қилган. Бу хабар ортидан компаниянинг бозор қиймати бир кунда қарийб 20 миллиард долларга қисқарди, акциялари эса 14 фоизга арзонлашди.
«Январ ва феврал ойларида икки хонали рақамлар билан ифодаланувчи ажойиб ўсиш кузатилган эди, бироқ март ойида Яқин Шарқдаги фаолиятимиз деярли тўхтаб қолди», — деди «Hermès» молиявий директори Эрик дю Хальгуэ.
Францияда ҳам туристларнинг харажатлари камайгани сабабли сотувлар 2,8 фоизга пасайган.
Бундан ташқари, Швейцария ва Буюк Британиядаги дўконлар ҳам Яқин Шарқлик харидорлар оқими камайганидан зарар кўрган.
LVMH ва «Kering»да пасайиш
LVMHнинг мода ва чарм буюмлар бўлими сотувлари 2 фоизга қисқарган. «Kering» гуруҳининг Яқин Шарқдаги чакана даромадлари эса 11 фоизга тушиб кетган.
«Bloomberg» маълумотларига кўра, Европа люкс компанияларининг умумий бозор қиймати йил бошидан бери 176 миллиард долларга камайган. Биргина LVMH қарийб 100 миллиард доллар йўқотган.
Кенгроқ иқтисодий таъсир
Уруш нефт ва газ таъминотига таъсир кўрсатиб, инфляция хавфини кучайтирмоқда. Бу эса истеъмолчиларнинг харид қобилиятини пасайтиради. Шу сабабли «Dior» ва «Gucci» каби брендлар орқали кутилган бозор тикланиши ҳам хавф остида қолмоқда.
Шу билан бирга, «Breitling AG» ҳам талаб пасайганини маълум қилди. Компания авиақатновлар қисқаргани сабабли минтақага маҳсулот етказиб бериш ҳажмини қайта кўриб чиқмоқда.





