Яқин Шарқдан Ўзбекистонга қайтарилганлар сони 19 минг кишидан ошди

08.03.2026 | 12:523 daqiqa

Кеча Саудия Арабистонидан 1 680 нафар, Бирлашган Араб Амирликларидан 394 нафар фуқаро Ўзбекистонга олиб келинган.

Яқин Шарқдан Ўзбекистонга қайтарилганлар сони 19 минг кишидан ошди

8-март соат 07:00 ҳолатига кўра, Яқин Шарқ минтақасидаги мамлакатлардан Ўзбекистонга жами 19 347 нафар фуқаро қайтарилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Билдирилишича, 7-март куни Саудия Арабистонидан 9 та рейс амалга оширилиб, 1 680 нафар, Бирлашган Араб Амирликларидан 2 та рейс орқали 394 нафар фуқаро Ўзбекистонга олиб келинган.

Шунингдек, 7-март куни Эрондан 5 нафар фуқаро ҳам Ўзбекистонга қайтарилди.

Кеча, 7-март куни Қатар ва Саудия Арабистонидаги элчихоналар Ўзбекистон Транспорт вазирлиги билан биргаликда Доҳа шаҳрида бўлган Ўзбекистон фуқароларининг биринчи гуруҳини (208 нафар) эвакуация қилган.

Фуқаролар «Centrum Air» авиакомпанияси рейси билан Ар-Риёд халқаро аэропортидан учиб, жорий йил 8-март куни соат 05:40 да Тошкентга соғ-саломат етиб келган.

Шу билан бирга, Қатардаги дипломатик ваколатхона томонидан кейинги эвакуацияни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг иккинчи гуруҳи (126 нафар) шакллантирилган. Улар дипломатлар ҳамроҳлигида элчихона томонидан ижарага олинган автобусларда (3 та) Доҳа шаҳридан олиб чиқилиб, «Риёд – Тошкент» йўналиши бўйича 8-март куни амалга ошириладиган чартер рейси орқали эвакуация қилиниши режалаштирилган.

Ўзбекистон позицияси

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескин равишда таранглашуви ва кенг минтақада янги зиддиятли ҳолат юзага келганидан жиддий хавотирдалигини билдирди.

«Барча томонларни вазминликка даъват этиб, нафақат ҳарбий-сиёсий, балки гуманитар жиҳатдан олдиндан кўриб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган хавфли кескинлашувга сабаб бўладиган кейинги қадамлардан тийилишга чақирамиз», – дейилади ТИВ баёнотида.

Расмий Тошкент вужудга келган инқирозни халқаро ҳуқуқ нормалари асосида, сиёсий-дипломатик воситалар орқали ва ўзаро мақбул мулоқот йўли билан ҳал этиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлаган. Ўзбекистон Республикаси минтақавий барқарорлик ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлашнинг изчил тарафдори экани ва вазиятнинг энг тез фурсатларда нормаллашувидан умидвор бўлиб қолиши билдирилган.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Қатар, Кувайт, Уммон, Иордания, Баҳрайн, БАА, Саудия Арабистонидаги мавқедошлари билан телефон орқали гаплашиб, мамлакатлар раҳбарияти ва халқига Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг бирдамлигини етказди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Яқин Шарқдаги вазиятни Озарбайжон ва испаниядаги мавқедошлари билан ҳам муҳокама қилди.

Шунингдек, у Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчига қўнғироқ қилиб, таъзия билдирди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаийнинг вафоти муносабати билан Эрон Ислом Республикаси президенти Масъуд Пезешкиёнга йўллаган мактубида ҳамдардлик билдирди.

4-март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Яқин Шарқ монархиялари етакчилари – Уммон султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид, Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён, Кувайт валиаҳди Шайх Сабоҳ ал-Ҳолид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ, Баҳрайн подшоҳи Ҳамад бин Исо Ол Халифа, Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ва Иордания подшоҳи Абдулла II ибн aл-Ҳусайн билан телефон орқали мулоқот қилди.

Teglar

Mavzuga oid