Logo

Ярим йилда солиқ тушумлари 75,1 фоизга кўпайди – молия вазири Жамшид Қўчқоров

Bugun 12:542 daqiqa

Ярим йилда давлат бюджети даромадлари ўтган йилга нисбатан 63,2 трлн сўмга ошди. Харажатларнинг ярмидан кўпи таълим, тиббиёт ва ижтимоий тўловларга йўналтирилган.

Ярим йилда солиқ тушумлари 75,1 фоизга кўпайди – молия вазири Жамшид Қўчқоров © Oliy Majlis Qonunchilik palatasi

Йилнинг ярмида давлат бюджети даромадлари 207,4 трлн сўм сўмга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига қараганда 63,2 трлн сўмга кўп. Даромадларнинг сезиларли ошиши бевосита солиқлар тушумининг 75,1 фоизга кўпайгани билан боғлиқ.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди.

Энг катта тушум бевосита солиқлардан — 77 трлн сўм бўлган. Билвосита солиқлар орқали 61,6 трлн сўм, ресурс ва мол-мулк солиқларидан эса 29,1 трлн сўм тушган.

Шу билан бирга, маҳаллий бюджетлар ҳам қўшимча 6,2 трлн сўмлик манбага эга бўлган.

Бюджет пули нималарга сарфланди?

Давлат бюджети харажатларининг ярмидан кўпи — 105,8 трлн сўм ёки 51,5 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилган.

Бунинг асосий қисми таълим ва соғлиқни сақлашга сарфланган:

●     49,5 трлн сўм — таълимга;

●     22,7 трлн сўм — соғлиқни сақлашга;

●     7,3 трлн сўм — нафақа ва моддий ёрдам тўловларига.

Шунингдек, бюджет харажатларининг 161,3 трлн сўми ёки 78,5 фоизи барқарор ривожланиш миллий мақсадларини амалга оширишга йўналтирилган.

Иқтисодиёт 8,5 фоизга ўсди

Ҳисоботда мамлакат иқтисодий ўсиши ҳам қайд этилган. Йилнинг дастлабки ольти ойида ялпи ички маҳсулот 8,5 фоизга ўсган.

Энг юқори ўсиш бозор хизматларида — 16,9 фоиз, қурилишда — 13,8 фоиз, саноатда — 8 фоиз, қишлоқ хўжалигида эса 4,7 фоиз бўлган.

Шу даврда асосий капиталга инвестициялар 17,5 фоизга ошиб, 338,9 трлн сўмга етган. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 12,4 млрд долларни ташкил этган.

Олтин экспортни ҳисобга олмаганда, экспорт ҳажми эса 31,6 фоизга ўсиб, 14,4 млрд долларга етган.

Ҳисоботга кўра, амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида йил бошидан инфляция даражаси 3,3 фоизгача пасайган.

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев йил якунида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 180 млрд доллардан ошиши кутилаётганини маълум қилганди. Сўнгги ўн йилда мамлакатга 160 млрд доллардан ортиқ хорижий инвестиция жалб қилинган.

Teglar

Mavzuga oid